Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йил учун бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлар бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Бу ҳақда, “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Парламент қуйи палатаси маълумотига кўра, кун тартибидаги масала юзасидан ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эркин Ҳамроев ахборот берган.
Таъкидланганидек, 2022 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 532,2 миллиард сўм маблағ режалаштирилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналарини сақлаш харажатлари ҳамда чет элда маблағсиз қолган фуқароларни вақтинчалик маблағ билан таъминлашга қаратилган.
Жорий йилнинг биринчи ярмидаги харажатлар асосий воситалар сотиб олиш билан йирик таъмирлаш ишларини молиялаштириш вақтинчалик чекланганлиги сабабли 244,1 миллиард сўмни ташкил қилиб, йиллик ажратилган маблағларга нисбатан 46 фоизга бажарилган.
Ҳисобот даврида Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан 114 минг 367 та консуллик хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва диверсификация қилиш, миллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун стандартлаштириш ва сертификатлаш каби йўналишларда вазирликнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вилоятлар ва тармоқ корхоналари билан биргаликда аниқ манзилли ишларни амалга оширмоқда.
Хусусан, элчихоналар билан бирга янги экспорт ҳажмлари ва йўналишлари бўйича ҳар бир дипломатик ваколатхонанинг аниқ натижага йўналтирилган 2022 йил учун чора-тадбирлар режалари тайёрланди ва ижроси таъминланмоқда. Натижада Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида 2022 йилнинг биринчи ярмида 692 миллион долларга тенг жами 629 та экспорт шартномаси ишлаб чиқилди.
Йиғилишда депутатлар вазирликка мақсадли индикаторлар ижросига эътиборни яна кучайтириш, белгиланган вазифаларни бажариш доирасида аниқ ва қатъий чоралар кўриш бўйича қатор таклифлар берди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!