2024 йил 27 декабрда “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Ушбу қонун Ўзбекистон манфаатларини кўзлаб, маълумотларни давлат сирлари жумласига киритишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилайди.
Шунингдек, давлат сирларидан фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш, давлат сирлари билан боғлик бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.
Давлат сирлари соҳасидаги ягона давлат сиёсати президент томонидан белгиланади.
Давлат хавфсизлик хизмати давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш ва уларни махфийлаштириш Ўзбекистонда махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига асосан амалга оширилади.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш тўғрисидаги ўз қарорлари учун шахсан жавобгар бўлади.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар махфийлигининг куйидаги учта даражаси ва ушбу даражаларга мувофиқ бўлган мазкур маълумотларни ташувчилар учун махфийлик грифлари белгиланади:
– махфийликнинг биринчи даражаси – “Алоҳида аҳамиятли”;
– махфийликнинг иккинчи даражаси – “Мутлақо махфий”;
– махфийликнинг учинчи даражаси – “Махфий”.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни махфийлаштириш муддати давлат аҳамиятига эга бўлган сир учун – 30 йилдан ва хизмат сири учун – 10 йилдан ошмаслиги керак.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!