Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори:
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, унинг софлигини сақлаш ва мунтазам бойитиб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсадлар
1. Қуйидагилар давлат тилини янада ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
а) мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишга эришиш;
б) таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;
в) давлат тилининг софлигини сақлаш ва унинг луғат бойлигини мунтазам ошириб бориш;
г) давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, бу борада сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланиш;
д) давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
ж) мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш.
II. Республикада давлат тили имкониятларидан самарали фойдаланишга эришиш
2. 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. 2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилсин.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йилдан бошлаб:
а) таълим қардош тилларда олиб бориладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликларнинг даврийлиги асосида янги авлодини яратсин;
б) мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича педагоглар учун ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқсин;
в) мактабгача таълим ёшидаги болалар учун “Менинг илк изоҳли луғатчам” расмли луғат китобини яратсин;
г) болаларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича замонавий анимацион видео ва аудио маҳсулотлар ишлаб чиқилишини ташкил этсин.
5. Фанлар академияси:
а) 2026 йил 1 июнга қадар кўп жилдли “Ўзбекистон миллий қомуси”ни электрон шаклда тайёрлаш ва эълон қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) 2026 йил 1 декабрга қадар “Она тили. Қомус” китобининг нашрга тайёрланиши ва чоп этилишини таъминласин.
6. Давлат тилининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида:
а) Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар ўзбек тилини сунъий интеллект ёрдамида қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган платформа ишлаб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2025 йил 1 декабрга қадар:
и) янги қабул қилинаётган атамалар бўйича жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклиф, фикр ва тавсияларни қайд этиб борувчи;
ии) тасдиқланган янги сўз ва атамаларни ўзида акс эттирадиган электрон реестрни юритувчи;
иии) ўзбек тилида чоп этилган соҳавий, изоҳли ва имло луғатларини ўзида жамлаш ва фойдаланиш учун мўлжалланган электрон платформани яратиш бўйича илмий лойиҳага танлов эълон қилсин.
III. Давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ҳамда илм-фан тили сифатида нуфузини ошириш
7. Ҳар йили октябрь ойида:
а) Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ўзбек тилининг дунё тиллари ўртасида тутган ўрни ва халқаро нуфузини оширишга қаратилган халқаро илмий-амалий конференцияни;
б) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет эллик талабалар ўртасида:
и) ўзбек тили бўйича республика олимпиадасини;
ии) “Ўзбек тили – қалбим таржимони” кўрик-танловини юқори савияда ташкил этсин;
в) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий, ижодий, амалий ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Жонажон ўзбек тилим” танловини;
в) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий, ижодий, амалий ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Жонажон ўзбек тилим” танловини;
г) Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вазирлик ва идоралар билан биргаликда умуммиллий диктант лойиҳасини;
д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда вазирлик ва идоралар 21 октябрь Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маданий-маърифий, адабий тадбирлар, янги китоблар тақдимотларини;
ж) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
и) умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини;
ии) ўзбек тили фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” республика танловини ўтказсин.
8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ватандошлар” жамоат фонди билан биргаликда ҳар йили Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ўтказиб борсин. Бунда олимпиада ғолибларини республика олий таълим муассасаларининг “филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилсин.
9. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда унинг ҳудудий бўлинмаларида мамлакатимиздаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эллик талабаларни улар ўқиётган олий таълим ташкилотлари маблағлари ҳисобидан ўзбек тилига бепул ўқитиш курсларини ташкил этсин.
10. Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита:
а) 2026 йил давомида ўз маблағлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар вакиллари учун ўзбек тилига ўқитиш курсларини кенгайтириш;
б) Ташқи ишлар вазирлиги, “Ватандошлар” жамоат фонди ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Ватандошлар” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан хорижий давлатлардаги ўзбек диаспора ташкилотлари ҳузурида ватандошларнинг фарзандларига ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари ташкил этишга кўмаклашиш, уларни зарур ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Ёшлар ишлари агентлиги уч ой муддатда ўзбек тилини бошқа миллат ва элатлар вакиллари, хориждаги ватандошларнинг фарзандларини, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқароларини ўқитиш мақсадида “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси билан ҳамкорликда алоҳида сунъий интеллект ёрдамида ўзбек тилини ўргатиш модулини ишга туширсин. Бунда ўзбек модулини яратиш учун харажатлар Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан амалга оширилиши назарда тутилсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
12. Адлия вазирлиги уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.
14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбкистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!