Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида аёл киши, бошқа бир аёлга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик каби хатти-ҳаракатларни содир этганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
22 июль куни ижтимоий тармоқларда ушбу аёлнинг бошқа аёлни “самосуд” қилгани видеоси тарқалиб, жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган эди. Ҳолат Андижон шаҳри, “Ҳунарманд” маҳалласида жойлашган кийим савдоси билан шуғулланувчи дўкон эгаси бўлган 1992 йилда туғилган аёл А.П. қўл остида сотувчи бўлиб ишловчи 2005 йилда туғилган С.С. ўртасида содир бўлган. Ўзаро қарз олди-берди масаласи ортидан дўкон эгаси сотувчи қизга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик каби хатти-ҳаракатларни содир этган.
Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро А.П. процессуал тартибда ушланган. Тергов иши Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Шунингдек, вилоят ИИБ хабарида, “Ушбу суратдаги фуқаронинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабрланганлар “102” қисқа рақамига, Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБнинг телефон рақамига 74-223-59-52 ёки яқин орадаги ички ишлар бўлимларига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз”, – дейилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!