BBCнинг ёзишича, бу АҚШ ва Россия президентларининг Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан кейинги биринчи юзма-юз учрашуви бўлди. Саммит Аляскадаги Элмендорф-Ричардсон ҳаво кучлари базасида бўлиб ўтди.
Музокаралар уч соатга яқин давом этди ва “учга уч” форматда ўтди. Трампга АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва махсус вакил Стив Виткофф ҳамроҳлик қилди. Путин билан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков бирга эди.
АҚШ ва Россия раҳбарлари учрашув якуни бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтган бироқ, унда Президентлар журналистларнинг саволларига жавоб беришмаган. Улар шунчаки қисқа баёнотлар билан чекланишган.
Матбуот анжуманида Путин томонидан берилган баёнотлар:
– Музокараларимиз конструктив ва ўзаро ҳурмат руҳида, жуда батафсил ва фойдали ўтди;
– Россия-АҚШ муносабатлари сўнгги тўрт йил ичида “Совуқ уруш” давридан бери энг қуйи нуқтага тушиб кетган эди. Эртами-кечми вазиятни тўғрилаш зарур эди. Шу маънода, икки давлат раҳбарларининг яккама-якка учрашуви айни муддао бўлди. Мен ва президент Трамп ўртасида жуда яхши тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилган;
– Украина атрофидаги вазият учрашувнинг марказий масалаларидан бири бўлди. Биз АҚШ маъмурияти ва шахсан президент Трампнинг Украина можаросини ҳал қилишга ёрдам беришга интилишини кўрмоқдамиз;
– Россия учун Украинадаги воқеалар миллий хавфсизлигимизга фундаментал таҳдидлар билан боғлиқ. Бундан ташқари, биз Украина халқини доимо қардош деб билганмиз ва шундай деб ҳисоблаймиз. Содир бўлаётган барча воқеалар биз учун фожиадир. Шунинг учун мамлакатимиз бунга чек қўйишидан чин дилдан манфаатдор. Шу билан бирга, биз тинчлик барқарор ва узоқ муддатли бўлиши учун инқирознинг барча асосий сабаблари бартараф этилиши кераклигини биламиз;
– Мен Президент Трампнинг фикрига қўшиламан, албатта, Украинанинг хавфсизлиги ҳам таъминланиши керак. Бу борада ишлашга тайёрмиз;
– Умид қиламанки, бугунги учрашув мақсадимизга яқинлашишга имкон беради ва Украинада тинчликка йўл очади. Шунингдек, Киев ва Европа буларнинг барчасини конструктив тарзда қабул қилади ва ҳеч қандай тўсиқ қўймайди;
Шунингдек, Трамп ҳам қуйидаги қисқа баёнотларни берган:
– Жуда самарали учрашув ўтказдик. Кўп масалаларда бир тўхтамга келдик. Биз ҳали ҳам келиша олмаган бир нечта муҳим масалалар бор, аммо маълум ютуқларга эришдик. Лекин ҳали келишувга эришилгани йўқ;
– Мен НАТО бўйича иттифоқчиларимизга ва бошқа расмийларга қўнғироқ қиламан. Албатта, Украина президенти Володимир Зеленскийга ҳам қўнғироқ қилиб, бу учрашув ҳақида айтиб бераман;
– Бугун биз ҳақиқатан ҳам катта ютуқларга эришдик. Мен президент Путин билан доимо яхши муносабатда бўлганман;
– Бугун асосий мақсадимиз, Украинада оташкесим бўйича келишувга эриша олмадик, аммо бизда бунинг учун ҳали жуда яхши имкониятлар бор.
Reuters қайд этишича, Путин “Украинанинг сунъий равишда шакллантирилганини исботлайди” деб таърифлаган бир қанча хариталар ва ҳужжатларни Трампга топширган.
Нашр хабарида айнан қандай материаллар топширгани ва уларга Трампнинг муносабати ҳақида фикр билдирилмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!