Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт вазирликлари ўзаро музокаралар натижасида мунтазам авиақатновларни кўпайтириш орқали транспорт алоқалари ва туризм салоҳиятини кенгайтиришга келишиб олди.
Янги келишувга кўра, икки мамлакат авиакомпаниялари ҳафтасига жами 238 та парвоз амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Тошкентдан Олмаота ва Остонага ҳафтасига 42 тагача рейс йўлга қўйилиши мумкин. Бошқа йўналишларда эса ҳафтасига 14 тагача рейс амалга оширишга рухсат берилди. Ўзбекистон томони маълумотича, айрим йўналишларда бу кўрсаткич 7 та парвоз билан чекланиши мумкин.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги аниқлик киритиб, келишувга кўра барча йўналишларда умумий парвозлар сони ҳафтасига 238 тани ташкил этишини билдирди. Шунингдек, томонлар мунтазам рейслар бажариш учун белгиланган пунктлар сонини ҳам кўпайтиришга келишиб олди.
Қўшимча равишда, икки давлат авиакомпаниялари янги йўналишларни йўлга қўйди. Хусусан, 3 июлдан Ўзбекистоннинг Centrum Air авиакомпанияси Ақтау – Нукус йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта рейс амалга оширмоқда. 15 июлдан эса Қозоғистоннинг Fly Arystan компанияси Атырау – Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига уч рейс йўлга қўйди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!