Суд – инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир кўрсатувчи, қайсидир маънода уларнинг тақдирини белгилаб берувчи ташкилот ҳисобланади.
Судлар ҳозирги шаклига етиб келгунча турли кўринишларни ва босқичларни босиб ўтган. Ҳар бир давлат ўзига хос судлов тизимига эга бўлиб, баъзи давлатларда судлов ваколати якка ҳукмдорда бўлган бўлса, баъзи давлатларда судлар алоҳида тузилма сифатида фаолият юритган.
Бугун биз судларга алоқадор тарихда содир бўлган баъзи қизиқ воқеалар ва одатлар ҳақида маълумот берамиз.
Рекордчи аризачи
Америкалик Жонатан Ли Ричес 2006 йилдан буён туман судларига турли асослар бўйича 2600 дан ортиқ даъво аризаси берган. Унинг айбланувчилари орасида Жорж Буш, Стив Жобс ва Бритни Спирс каби кўплаб нуфузли одамлар бор. Даъволарнинг катта қисми эса Платон, Гитлер ва Че Гевара каби ўликларга, шунингдек жонсиз нарсаларга, жумладан Граил ва Эйфел минорасига қарши қаратилган. Гиннеснинг рекордлар китоби Ричесни энг катта даъволар бўйича рекордчи деб эълон қилганидан сўнг, у 2009 йил май ойида 2010 йилги нашрида ўз исмини эслатиб ўтмаслик учун Китобни судга берган.
Насиб қилмаган мерос
Англиялик Уилям Женненс ўз даврининг энг бой молиячилардан бири ҳисобланган. У билан боғлиқ ноодатий воқеа тарих китобларида қайд этиб қолдирилган.
Ҳаммаси унинг ўлимидан сўнг бошланган. Женненс 1798 йилда вафот этганидан сўнг, унинг бойлиги 2 млн. фунт стерлингга баҳоланган. Аммо у васиятнома ёзиб қолдиришни унутган эди. Замондошларининг фикрига кўра, Женненс тегишли ҳужжатни расмийлаштириш учун адвокат ҳузурига борган, бироқ кўзойнагини унутиб қолдирганлиги сабабли мақсадига эриша олмаган. Бошқа сафар васиятнома ёзиш учун эса Женненсда имкон бўлмаган.
Шундан сўнг, мерос тақсимланиши масаласида низолар авж олиб, бу Женненс вафотидан сўнг 117 йилга чўзилган (бошқа манбаларга кўра 130 йил). Охир-оқибат низо мероснинг тўлиқлигича адвокатларга хизмат ҳақи тўлаш учун сарфланиши билан якунланган.
Ушбу воқеа Чарлз Диккенсга ўзининг “Қоронғу уй” романидаги “Жариндислар Жариндисларга қарши” суд жараёни ғоясини берган.
Эр-хотин дуэли
Ўрта асрларда Европада, айниқса герман халқлари ўртасида, низолар кўпинча суд дуэли билан ҳал қилинган. Унда ким ғалаба қозонса, у ҳақ деб эълон қилинган. Бундай дуэлларнинг ўзига хос тури турмуш ўртоқлар ўртасидаги дуэл бўлиб, улар оилавий муаммоларни ҳал қилишган. Уларда имкониятларни тенглаштириш мақсадида эркаклар учун чекловлар ўрнатилган. Масалан, қоидалардан бирига кўра, дуэл пайтида эр саёз чуқурда бўлган ва ёғоч таёқ билан курашган, хотини эса тош билан қуролланиши мумкин бўлган.
Кейинчалик бундай суд дуэллари бекор қилинган.
Ҳуқуқшунос,
Ф.Бозорқулов
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!