“24 ноябрдан кейин ортга чекиниши кутилган ҳаво ифлосланишини кучайтирувчи инверсия жараёни келгуси ҳафта охиригача сақланиб туради”, дея хабар бермоқда “Ўзгидромет” агентлиги.
Жума куни агентлик директори Шерзод Ҳабибуллаев сўнгги кунларда Тошкент ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳаво ифлосланишининг кучайишига бир вақтнинг ўзида бир қанча табиий омиллар, хусусан, ҳарорат инверсияси, ёғингарчиликнинг йўқлиги ва қурғоқчилик сабаб бўлганини ҳамда инверсия 24 ноябргача давом этиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.
Янгиланган прогнозларга кўра, ҳаво қатламларининг аралашишига тўсқинлик қилаётган об-ҳаво шароити келаётган ҳафтанинг охиригача сақланиб туриши мумкин. Бу даврда ҳаво сифати нобарқарор бўлиши табиий ҳол бўлиб, кўрсаткичлар кун давомида ўзгариб туради.
“Ҳаво сифатининг яхшиланиши ҳаво массаларининг алмашиши, шамолнинг кучайиши ёки ёғингарчилик тушиши билан боғлиқ бўлади”, дейилади баёнотда.
“Кузатилаётган ҳолат — табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараён. Ваколатли давлат органлари вазиятни доимий кузатиб бормоқда ва зарурат туғилганда тезкор чоралар кўрмоқда”, — дейди агентлик.
“Кўрсаткичларнинг ошишига ҳарорат ўзгариши ҳам сабаб бўлган. Ҳароратнинг кескин ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, бу эса майда заррачаларнинг тўпланишига ва атмосфера ҳавосидаги концентрациясининг ошишига олиб келади”, — дейилади хабарда.
“Ўзгидромет” республика аҳолиси ҳамда меҳмонларидан эҳтиёт чораларини кўришларини сўраб, очиқ ҳаводаги фаолиятларини қисқартиришлари, ташқарига чиққанда ниқоб тақишларини тавсия этган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!