Президент фармонига кўра, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси таркибида Давлат экологик назорат инспекцияси — Экополитсия ташкил этилмоқда. Ушбу махсус тузилма экологик қонунбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва соҳада қатъий тартиб ўрнатиш учун кенг ваколатларга эга бўлади.
Қайд этилишича, Экополитсияга прокуратурадан 40 та штат бирлиги ўтказилиши белгиланган. Бу ходимлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида экологик назорат йўналишида фаолият юритган бўлинмалар асосида шаклланади. Шунингдек, табиатни муҳофаза қилишга ихтисослашган махсус прокуратура бўлинмалари ҳам янги тузилмага интеграция қилинади.
Экополитсия ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар (электрошок қурилмалари) ва хизмат қуроли (резина ўқли, тўр отувчи)ни қўллаш ҳуқуқи берилади, шунингдек, уларнинг махсус кийимига боди-камерлар ўрнатилади. Қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар Экополитсия ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва хизмат қуролини қўллаш тартибига Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган асослар ва шартлар татбиқ этилади.
Фармонга биноан, Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополитсия бошлиғи вазифасини бажаради. Тузилманинг ўринбосари эса қўмита раиси ўринбосари сифатида ишлаб, Экополитсиянинг тезкор штабига раҳбарлик қилади.
Шунингдек, Экополитсияга унинг ҳудудий бўлинмаларини маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини ҳисобга олмаган ҳолда табиий экологик ҳудудлар чегаралари доирасида ташкил этишга рухсат этилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!