Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бир вақтнинг ўзида юрак коронар-шунтлаш ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу миллий хирургия тарихидаги илк ноёб операция ўзбек кардиожарроҳ ва трансплантологлари томонидан мустақил бажарилган.
Бемор Д.Ғойибов 47 ёшда. Юқори қон босими, бош оғриғи, кўз хиралашиши ва доимий чарчоқ каби асоратлардан азият чекиб, ўзида сурункали буйрак етишмовчилиги борлигидан хабар топади ва диализ муолажаларини ола бошлайди.
Қолаверса, у кўп йиллардан бери қандли диабет, гипертония касаллиги сабаб кардиолог ва эндокринолог назоратида ҳам турган. Буларнинг барчаси унинг аҳволини янада оғирлаштирган.
Натижада жорий йилнинг сентябрь ойида Хирургия марказига буйрак кўчириб ўтказиш бўйича мурожаат қилади. Беморга ўз қизи З.Ғойибова донорлик қиладиган бўлди.
“Буйрак трансплантацияси жуда узоқ вақт давом этиши сабабли буни хастанинг юраги кўтара олмаслиги мумкин эди. Чунки текширувлар давомида бемор юрагининг учта жойида жиддий муаммо аниқланди. Операция давомида юрак танага қон етказиб бера олмасдан, инфаркт юзага келиши хавфи бор эди. Шунинг учун ҳам режалаштирилган амалиёт икки босқичда ўтиши белгиланди”, – деди марказнинг бўлим мудири, профессор Фазлиддин Баҳриддинов.
Таъкидланишича, биринчи босқичда юракда коронар-шунтлаш амалиёти бажарилиб, унга параллел равишда буйрак кўчириб ўтказишга қарор қилинган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай мураккаб амалиёт дунё бўйича йилига атиги 5-10 марта амалга оширилади. Ўзбекистон ҳудудида эса ҳали бундай операция бажарилмаган. Хирургия марказида ташкил этилган комиссия аъзоларининг рухсати билан бошланган ушбу юқори технологик ноёб муолажа муваффақиятли якунланган.
Ҳозир бемор ва донорнинг аҳволи яхши, уларни тиббий стандартлар бўйича даволаш жараёни давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!