Энергетика вазирлиги об-ҳаво кескин совиган кунларда аҳолини узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш юзасидан кўрилаётган зарур чораларни маълум қилди.
Хабарга кўра, сўнгги кунларда республика ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бугунги кунда аҳолининг табиий газ кунлик истеъмоли ўтган ҳафтадагига нисбатан 20 фоиз, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоиз ортган.
Бундай вазиятда тизим корхоналари томонидан электр ва газ узатиш тармоқларидаги ишларни тезкор ҳамда сифатли ташкил қилиш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида тизимда доимий равишда зарур чоралар кўриб борилмоқда.
Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш бўйича соҳа объектларида 24 соатлик иш режимига ўтилган бўлиб, жойларда ишларнинг бориши устидан доимий назорат ўрнатилган. Содир бўлган авариявий ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилиб, аварияни бартараф этишнинг ўртача вақти ўтган йилдаги 3-3,5 соатдан жорий йилда 1-1,5 соатгача қисқартирилди.
Шунингдек, олдинги йилларда генерация қуввати танқислиги туфайли мажбурий чекловлар киритилган бўлса, янги ишга туширилган қувватлар ҳисобига жорий йилда чекловлар киритилиши бартараф этилди.
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, шу жумладан, газни ерости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.
“Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини (тиббиёт, мактаб, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари ва бошқалар) табиий газ билан таъминлаш устувор вазифамиз эканлигини инобатга олиб, ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ, истеъмол юқори бўлган айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда.
Бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида тегишли тартибда маълумот бериб борилиши йўлга қўйилади”, – дейилган хабарда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!