Ижтимоий тармоқларда университет ва институт талабалари учун ягона талаба формаси жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар сиздирилди. Ушбу хабарлар юзасидан Олий таълим вазирлиги маълумот берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва нотўғри талқин этилмоқда.
Вазирликнинг таъкидлашича, низом лойиҳасида талабалар учун ягона форма жорий этилиши ёки мажбурий тартибда талаб этилишига доир ҳеч қандай норма мавжуд эмас.
Аксинча, олий таълим муассасалари ўзининг тарихи, вазифаси, маданий қадриятлари ва ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ўзига хос корпоратив услуб ва рамзларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бунга таълим ташкилотларининг индивидуал имижини шакллантиришга қаратилган ташаббус сифатида қаралиши лозим. Шу билан бирга, эстетик, гигиеник ёки ташқи кўринишга оид тавсиялар фақат ихтиёрий характерга эга бўлиб, уларни жорий этиш ёки қўллашнинг амалий жиҳатлари ҳар бир таълим муассасасининг ички қарорларига боғлиқ. Яъни, мазкур Низом лойиҳаси доирасида махсус форма жорий этиш ёки уни мажбурий тартибда талаб қилиш умуман назарда тутилмаган.
Шу билан бирга, корпоратив услуб ва бренд элементлари (логотип, ранг схемаси ва ҳ.лар) шакллантириш ташаббуси университетларни нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда ҳам самарали тарғиб этиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай ёндашув дунё тажрибасида ҳам таълим муассасаларининг маркетинг стратегиясининг муҳим қисми сифатида қаралади.
Олий таълим ташкилотларида ҳар бир талабанинг шахс сифатидаги эркинлиги ва ҳуқуқлари Конституция ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!