Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида бир оиланинг беш аъзоси хонадондан ҳушсиз ҳолда топилган.
Қайд этилишича, 16 январь куни соат 17:00 атрофида туман ички ишлар органларига 1-тонг кўчасида яшовчи 5 нафар фуқаро ҳушсиз ҳолда топилгани юзасидан хабар келиб тушган.
Воқеа жойи ва мурдалар тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган вақтда фуқаролар 36 ёшли М.Н. (она) ва 3 ёшли С.С. (қиз) вафот этгани маълум бўлган. Шунингдек, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлимига оғир аҳволда олиб борилган фуқаро 39 ёшли З.А. (ота) ҳам кўрсатилган тез-тиббий ёрдамга қарамасдан, бир кун ўтиб вафот этган.
Бундан ташқари, фуқаролар 12 ёшли М.С. (қиз) ва 8 ойлик Ф.С. (қиз) ҳушсиз ҳолатда топилиб, РШТЁИМнинг токсикология жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Бош прокуратурага кўра, ҳодиса жойидан турли хил гиёҳ ва дори воситалари, хонадонда истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчаси ашёвий далил сифатида олинган.
“Ҳозирда экспертиза тайинланган, ўлимга нима сабаб бўлганини аниқ айта олмаймиз. Аниқ хулосадан кейин оила аъзолари қандай вафот этгани маълум бўлади”, деган Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Ҳолат бўйича Учтепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!