Андижон вилоятининг Асака туманидаги уйда юз берган ёнғинда бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Андижон ФВБ матбуот хизмати маълумотига кўра, ёнғин ҳақида хабар 28 июль куни соат 18:21 да келиб тушган. Соат 18:26 да Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 18:54 да ўчирилган.
Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, “Нематобод” маҳалласида жойлашган ушбу уйда автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилган бўлган. Унда ишловчи С. исмли шахс эҳтиётисизлиги оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин оқибатида у ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, Асака туман ички ишлар бўлими томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, ёнғин оқибатида бир нафар шахс вафот этганидан ташқари, яна бир киши оғир тан жароҳати олган. Шохобча ичида бўлган Лабо автомашинаси тўлиқ ёниб кетган. Жиноят иши доирасида суд-тиббий, ёнғин сабаблари бўйича ёнғин-техникавий ва бошқа зарур экспертизалар тайинланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!