Андижон вилояти Пахтаобод туманида Ucell филиали ходими қарийб 450 миллион сўмни ўзлаштириб, кейинчалик Binance биржасида ютқазиб қўйган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, 24 ёшли А.И. филиалда катта сотувчи бўлиб ишлаган. У Paynet иловасида компаниянинг депозит ҳисобварағига кириш ҳуқуқига эга бўлган. Ундан фуқароларнинг телефон рақамларига тўловлар амалга оширилган.
2023 йил октябрь ойининг охирида у Binance биржасида Bitcoin крипто-валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича битим тузишга қарор қилган. У депозит ҳисобварағидан 198,9 миллион сўмни ўз картасига ўтказган.
Ўша йилнинг ноябрь ойида шу усулда компаниянинг 249 млн 907 минг сўм маблағини ўз банк картасига ўтказиб, яна онлайн биржага тиккан. Аммо унинг омади келмаган ва компаниянинг жами 448 млн сўмдан ортиқ пулини ютқазиб қўйган. Судда А.И. айбига иқрор бўлиб, етказилган зарарни қоплаганини, қилган ишидан пушаймонлигини айтган ва ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд қарори билан А.И. Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) содир қилганликда айбли деб топилган.
Унга нисбатан 1 йил давлат ҳамда давлат улуши иштирокидаги корхоналарда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!