Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Португалияга қарши учрашувдан сўнг футболчиларининг ҳаракатини юқори баҳолади.
«Жаҳон чемпионатидаги илк иштирокимиз осон бўлмаслигини билардик. Қуръа натижаларидан сўнг Колумбия ва Португалия каби кучли рақиблар билан бир гуруҳдан жой олганимизни кўриб, бизни қийин синов кутаётганини англагандик. Колумбияга қарши ўйиндан кейин ҳам жамоам билан фахрланишимни айтгандим. Бугун ҳам шундай фикрдаман. Футболчиларим қийинчиликларга дуч келишди, аммо бир сония ҳам таслим бўлишмади», — деди Каннаваро.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Португалия каби барча чизиқларда юқори савияли футболчиларга эга жамоага қарши ўйнаш ҳар доим мураккаб бўлади.
«Бу Жаҳон чемпионати биз учун муҳим тажриба мактаби бўлади. Ушбу турнир орқали ўсишимиз, хулоса чиқаришимиз ва келажакда янада кучлироқ жамоа бўлиб қайтишимиз керак», — деди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Португалияга 5:0 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!