Андижон вилояти, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида энергия ресурслари ҳамда ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида “Б.Ў.” МЧЖ мансабдор шахслари “Шолдирама” МФЙ ҳудудидаги объектида умумий фойдаланишдаги табиий газ ва электр тармоқларига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, жами 500,5 миллион сўмлик табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Бешариқ тумани бўлими томонидан ўтказилган текширувда якка тартибдаги тадбиркор “О.О.” “Бекобод” МФЙ ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехида табиий газ тармоғига ноқонуний равишда уланиб, 152,7 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.
Бундан ташқари, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ш.А. Мирзо Улуғбек туманидаги қурилиши тугалланмаган нотурар бино объектида умумий фойдаланишдаги ичимлик суви тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 440,5 миллион сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ҳамда 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ ва водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!