Ўзбекистоннинг 25 ёшгача бўлган фуқаролари учун хорижга чиқиш паспорти 5 йил муддатга берилмоқда.
Бу ҳақда блогер Davletovuz ўзининг Twitterʼдаги саҳифасида маълум қилган. Илгари ҳужжат 16 ёшга тўлмаган фуқароларга 5 йил муддатга, 16 ёшдан ошган фуқароларга эса 10 йил муддатга берилар эди.
Қайд этилишича, қонун ҳужжатларига президентнинг 2022-йил 16 июндаги қарори билан ўзгартириш киритилган. Расмий органлар ва ОАВ паспорт бериш тартибини соддалаштирган (хусусан, уни рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар олишга рухсат этилган) ушбу ҳужжат ҳақида хабар берган, аммо ёшни 16 ёшдан 25 ёшгача ошириш банди эътибордан четда қолган.
Паспорт олиш бўйича аксарият сайтлар, жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ҳамон эски маълумотлар мавжуд.
“Хорижга чиқиш паспортини олиш учун мурожаат қилган айрим ўзбекистонликларнинг билдиришича, 22−23 ёшгача бўлган ҳар икки жинсдаги фуқаролар билан терроризмга қарши кураш бўлими вакили ва маҳалладаги участка инспектори суҳбат ўтказган.
Ёшлардан четга чиқиш мақсади ва хорижда қолиш муддати, шунингдек, ота-оналарнинг саёҳат ҳақида хабардорлиги сўралади. Баъзилар рўйхатдан ўтиш жойида ёшлар билан ишлаш ташкилотидан маълумотнома сўрашганини айтмоқда”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!