Кинематография агентлиги директори ўз лавозимининг ваколатларидан фойдаланган ҳолда “Севимли” фойдасини кўзлаб бюджетдан пул ажратгани тасдиқлангандан сўнг Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раисли лавозимидан озод қилинган эди. Аммо бугун, 31 январь куни Фирдавс Абдухолиқов президент қарори билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори лавозимига қайта тайинланди. Хўш, қайсидир амалдорни вазифасидан озод қила туриб, орадан бироз вақт ўтгач, у билан боғлиқ воқеалар унутила бошлагач, уни лавозимга қайта тайинлаш қанчалик тўғри?
Ўзи Фирдавс Абдухолиқов нимада айибланган эди?
Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Севимли” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани эҳтимоли бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўрганиш натижаларига кўра, Кинематография агентлиги директори ва бир вақтнинг ўзида субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси – Фирдавс Абдухолиқов субсидия маблағларининг тақсимланиши ва контрагентни танлаш жараёнида яқин қариндошлари бенефисиар бўлган (таъсисчилари: Шарапова Ф.С. - Фирдавс Абдухолиқовнинг турмуш ўртоғи 70 фоиз, Рашидова А.Ф. - Фирдавс Абдухолиқовнинг қизи 20 фоиз, Абдухаликов А.Ф. - Фирдавс Абдухолиқовнинг ўғли – 10 фоиз) “Мастер Медиа Продуcтион анд Броадcаст” МЧЖ билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлса-да, бу ҳолатни бартараф қилиш чораларини кўрмасдан, мазкур жамият манфаатларини ёқлаб овоз беришда ва қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этган.
Масалан, 2021 йилнинг ўзида Кинематография агентлиги томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Севимли” телеканали (“Master Media Production and Broadcast” МЧЖ) иштирокида “Орзулар палатаси” ва “Тузоқ” сериаллари суратга олинган.
Жумладан, 2021 йилнинг 22 февраль куни Кинематография агентлиги, “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ҳамда “MY-FILMS” МЧЖ ўртасида “Орзулар палатаси” миллий сериалини суратга олиш мақсадида қиймати 3,0 млрд сўмлик шартнома имзоланиб, Кинематография агентлиги томонидан 1,5 млрд сўм пул маблағлари “MY-FILMS” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Бундан ташқари, Кинематография агентлиги ҳамда “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ўртасида “Тузоқ” миллий сериалини суратга олиш учун 2021 йилнинг 18 май куни жами қиймати 1,8 млрд сўмлик икки томонлама шартнома (dxarid.uz тўғридан-тўғри шартнома орқали) имзоланган ва 1,8 млрд сўм пул маблағлари жамият ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Шунга кўра, мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов яқин қариндошлари таъсисчилигидаги МЧЖнинг манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришиб, қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган.
Коррупсияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.
Ҳа шунча аниқ далиллар билан ишдан олинган бўлса ҳам яъна лавозимга қайта тайинланиши қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини биз ҳал қилмаймиз. Бунинг жавобини яхшиси ўзингизга қолдирамиз.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!