«Навбаҳор» ҳамда «Насаф» жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон Cоcа-Cола кубоги финал учрашувидан (1:2) сўнг наманганликлар устози Самвел Бабаян ўз фикрларини билдирди.
«Аввало «Насаф»ни ғалаба билан қутлайман. Ўйин тенг курашлар остида кечди. Бугун улардан ҳеч бир жабҳада қолишмадик. Шунчаки, битта гол кам урдик. Мухлисларга раҳмат айтаман, узоқ йўлни босиб келганига қарамай, охиригача бизни қўллаб-қувватлаб туришди.
Футболчиларимга ҳам алоҳида раҳмат. Кубокни Наманганга олиб кетиш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишди, афсуски уддалай олмадик. Энди, чемпионатнинг қолган уч ўйинига максимал таёргарлик кўрамиз.
Биринчи бўлимда рақибни уларнинг жарима майдони атрофида прессинг қилишга ҳаракат қилдик, аммо марказда бироз муаммолар бор эди. Иккинчи таймда буни тўғирладик ва устунлик қилдик.
Таркибда жароҳат олганлар етарли эди, шу боис кичик жароҳатлари бор Туропов ва Яхшибоевни иккинчи таймнинг сўнгги дақиқаларидагина майдонга туширдик. Бизда, захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтира оладиган бошқа футболчилар йўқ.
Мураббий ишлайди ва шартномаси тугайди. Барқарорлик ҳақида гапирган эдим. Йил давомида қилган ишимизни кам эмас деб ўйлайман.
«Насаф»нинг устунлиги ҳам шунда. Барқарор ва бир неча йиллардан бери ишлаб келаётган мураббий бор. Агар биз ҳам сабр қилиб олға интилсак, бизда ҳам барқарорлик бўлади.
Кеча айтганимдек, «Навбаҳор»да узоқ йиллар давомида мураббийлар ва футболчилар алмашинуви доим кузатилган.
Шу боис, барқарорлик йўқолган. Табиийки, натижа ҳам бўлмаган. Бугун шунчаки, омадимиз келмади. Барқарорлик бўлса, ҳаммаси изига тушади.
Яна бир бор айтаман, биринчи даврада ҳам, иккинчи даврадан ҳам кўплаб ўйинчиларни таклиф этдик. Мураббий ҳам, ўйинчи ҳам Наманганда катта босимни енгиб ўтиши керак. Мухлислар томонидан босимни сезмадик.
Аксинча, улардан куч олдик. Бугун стадионда бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлислар, рақиб мухлислариникидан кам бўлса ҳам, уларга раҳмат айтаман.
Биз учун узоқ йўл босиб келишди. Бугун бизнинг кунимиз эмас экан. Кейинги ўйинда мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз», — деди Бабаян.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!