Жорий йил 3 июн куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазир ўринбосари Алишер Тўраев ҳамда Мўғулистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Батсумбер Мунхжин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги қатор масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни жадаллаштиришдан манфаатдор эканлигини билдирдилар.
Хусусан, Батсумбер Мунхжин Мўғулистон қишлоқ хўжалиги ҳақида маълумот бериб, чорвачилик мамлакат аграр секторининг энг ривожланган тармоғи ҳисобланиши ҳамда ҳозирда мамлакатда 70 миллионга яқин йирик ва майда қорамол бўлса, шундан 35 миллионга яқини қўй эканини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Мунхжин бугунги кунда ўзаро товар етказиб бериш асосан қуруқликдаги транспорт орқали амалга оширилаётганини таъкидлаб, шу муносабат билан мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқнинг янги йўлаги сифатида чартер рейсларини йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан Ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи мажлисини 2022 йилнинг иккинчи ярмида ўтказиш бўйича келишувга ҳам эришилган.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистондан Мўғулистонга етказиб бериладиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш (Ўзбекистонда ҳар йили 20 млн тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади ва дунёнинг 100 га яқин давлатига 80 дан ортиқ турдаги янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар экспорт қилинади), Мўғулистондан гўшт ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш ҳамда томонлар Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг ўзаро савдо ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор корхоналари рўйхатини тузиш каби келишувларга эришилди.
Қолаверса, боғдорчилик ва иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш бўйича икки давлат илмий идоралари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!