Давлат раҳбарининг 2022 йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-232-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши асосида жорий йилнинг 7-11 август кунлари Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Ёшлар туризми” халқаро II қурултойи ўтказилмоқда.
Қурултой доирасида Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилади. Унда 30 дан ортиқ журналист ва блогерлар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган чет эл дипломатик корпус вакилларига таклифномалар юборилган.
Шунингдек, Қашқадарё билан биродарлашган вилоятлар ва шаҳарлар делегациялари ҳам қурултойга таклиф этилган. Улар қаторида МДҲга аъзо Тожикистон, Қирғизистон, Қозоқистон, Туркманистон каби давлатларнинг ёшлари ҳам бор.
Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоқистон, Туркманистон ва бошқа бир қатор давлатларнинг етакчи нашрларида Қашқадарёда ўтказиладиган халқаро қурултой ҳақида мақола ва чиқишлар эълон қилинган. Ўзбекистондаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эса 50 га яқин тарғибот материаллари ёритилган ва эфирга узатилган.
Халқаро қурултойда юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан 50 дан ортиқ иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан ногиронлиги бўлган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ўқувчи, талаба ва ёшлар ҳам жалб қилинган.
Беш кун давомида меҳмонларни ажойиб ва бетакрор тадбирлар кутиб турибди. Қурултой доирасида танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, акция, лойиҳа ҳамда китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари, мамлакатимиздаги Элчихона консуллари билан қурултой иштирокчиларининг учрашувлари каби бир қатор тадбирлар шулар жумласидан.
Якунида фаол иштирок этган гуруҳлар ва ҳудуд жамоалари вакиллари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, қурултой иштирокчиларининг ҳар бирига Маданият ва туризм вазирлигининг махсус сертификати топширилади.
Ёшлар туризми халқаро қурултойи доирасида:
“Дўстлик кечаси” ва “Дўстлик гулхани” тадбирлари;
“Туғилган кун” ва “Юлдузлар ташрифи” лойиҳалари;
“Энг яхши туризм лойиҳаси” танлови;
“Туризм спартакиадаси” мусобақаси;
“Туризм-квест” ва “Заковат” интеллектуал ўйини;
“Биз, бир жамоамиз” мавзусида ҳудудларнинг тақдимотлари;
Ёш туризм элчилари Кенгаши аъзолигига сайловлар;
Миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, юқори натижаларга эришган ҳамда ёшларга ўрнак кўрсатадиган спортчилар ва мураббийлар иштирокида “маҳорат дарси”;
“Хазрати Башир ота” мақбараси ҳамда Шаҳрисабз туманидаги Оқсарой меъморий ёдгорлиги бўйлаб саёҳат;
Ягона тизим ишлаб чиқиш муҳокамаси ва қабул қилиниши, йиллик фаолиятнинг ягона тизими бўйича умумий йиғилиш;
Қурултойнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтказилиши кўзда тутилган.
“Ёшлар туризми” халқаро II қурултойига мингдан ортиқ иштирокчилар келиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!