Тошкент вилоятида умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидроэлектр станцияси мавжуд. Бу республикамиздаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенгдир. Бугунги кунда эса қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЕС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.
Ҳозирда қуввати 1,48 мегаватт бўлган ушбу “Угам-1” кичик ГЕС қуриш орқали йилига 11,8 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилган. Замонавий самарадор гидроагрегатлар ва автоматик бошқарув тизими ўрнатилди. Эътиборлиси, бунда тўлиқ юртимиз маҳсулотлари ишлатилган. Бошқача айтганда, уни миллий бренд дейиш мумкин.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳудуддаги Чорбоғ, Хумсон ва Угам маҳаллалардаги 5 мингта хонадон ҳамда туризм ва дам олиш масканлари узлуксиз электр энергия билан таъминланади. Йилига қарийб 4 миллион метр куб газ тежалади.
Ҳозирча Угам дарёсида иккита кичик ГЕС қурилди. Уларнинг ҳар биридан йилига икки юз миллиард сўм даромад олинаяпти. Сув оқимидан такрор-такрор файдаланиш орқали бундай станцияларни ўнтагача етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари бу билан нафақат энергетика масаласи ҳал бўлади, балки ҳудуд инфратузилмаси ҳам яхшиланади. Тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги корхоналари пайдо бўлади.
Давлатимиз раҳбарига ҳудудларда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Соҳага хорижий инвестиция ва хусусий секторни жалб қилиб, 2030 йилга қадар жами қувватларни 6 минг мегаваттга етказиш белгиланган. Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий шароитлар яратилган. Жумладан, мамлакатимиз бўйича икки мингтагача микро ва кичик ГЕСлар қуриш имконияти бор.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!