Сурхондарёда яратилган шарт-шароитлар ва берилган имтиёзлар ҳисобига сўнгги саккиз йилда вилоятга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган, 4 мингта саноат корхонаси ишга туширилган. Саноат ҳажми икки баробарга ошиб, жорий йилда 17,2 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари ва фармацевтика каби янги тармоқлар шаклланган.
Вилоятда камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам яхши натижаларга эришилди. Жорий йилда 126 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 5,6 фоизгача пасайиши кутилмоқда. “Тўпаланг” сув омборидан қувур тортиш орқали Шеробод, Бойсун, Бандихон, Музработ, Олтинсой, Ангор, Жарқўрғон ва Денов туманларида яшовчи 2 миллион аҳолининг ичимлик сув муаммоси тўлиқ ҳал этилган.
Шунга қарамай, бой табиий ресурслари ва етарли инфратузилмаси бўла туриб, Сурхондарё вилояти саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва туризм соҳаларида қатор ҳудудлардан ортда қолаётгани қайд этилди. Хусусан, вилоятда саноат ишлаб чиқариш ҳажми Сирдарё вилоятига нисбатан 1,5 карра, Жиззах вилоятидан 1,8 баробар ва Хоразм вилоятидан 2 баробар кам.
Мева-сабзавот экспорти ҳам Самарқанд, Тошкент вилояти, Фарғона ва Хоразм кўрсаткичларидан паст. Вилоятдаги қазилма бойликлар 600 миллиард долларга баҳолангани, бироқ бу салоҳиятнинг ҳатто 10 фоизи ҳам ишга солинмагани қайд этилди.
Шу муносабат билан вилоятни инвестиция, иш ўрни, аҳоли даромади ва экспорт суръатлари энг тез ўсадиган ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда келгуси йилда вилоятда аниқланган 114 та қазилма конлари захираси асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Келгуси йилда ушбу конларда 3,2 миллиард долларлик 91 та лойиҳани бошлаш, шундан 2 миллиард долларлик қисмини ишга тушириш режалари белгиланган.
Шунингдек, драйвер лойиҳалар инфратузилмасига 175 миллиард сўм ажратилади, бунинг ҳисобига 1 триллион 200 миллиард сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилиб, 9 мингта иш ўрни яратилади.
Туризм соҳаси муҳокама қилинар экан, вилоятда атиги 47 та меҳмонхона фаолият юритаётгани, 4 ва 5 юлдузли ёки бренд меҳмонхоналар мавжуд эмаслиги қайд этилди. Бойсун, Сангардак ва Омонхона каби юқори туристик салоҳиятга эга ҳудудлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, меҳмонхоналарнинг сонини кўпайтириш, янги туризм йўналишлари ва объектларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилган.
Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот ишлаб чиқаришнинг 60 фоизи Денов, Шеробод, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Музработ ва Сариосиё туманлари ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилди. Келгуси йилда Ангор, Қизириқ, Термиз, Узун ҳамда ихтисослашган бошқа туманларда ҳам экспортни кўпайтириш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Давлат раҳбари ҳудудда йўлларни таъмирлаш, уй-жой қуриш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳам кўрсатмалар берган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!