Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Human.uz” нашри билан боғлиқ ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Қайд этилишича, АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли сўровларни юборган.
Аниқланишича, прокуратура органларига фуқаролардан ушбу интернет нашрда ишловчи ходимлар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларга асосан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уйда тезкор тадбир ташкил этилган. Тез орада батафсил маълумот берилиши таъкидланган.
Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотига кўра, “Human.uz” веб-сайти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи реестрига киритилмаган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ундан фойдаланилишига чек қўйилмаган.
“АОКА ҳуқуқни муҳфаза қилувчи органларини “Human.uz” интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишига ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишига чақиради”, – дейилади баёнотда.
Қайд этиш мумкин, ижтимоий тармоқ ва веб-сайтларда бугун, 27 январь куни Human.uz интернет-нашри директори, бош муҳаррири ва бошқа ходимларини ўзини “орган ходимлари” деб таништирган кишилар томонидан интернет-нашрнинг офисидан олиб кетилгани, шунингдек, мазкур веб-сайт блоклангани билан боғлиқ хабарлар тарқалган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!