Янги ишга кираётган чет тили ўқитувчиларига В2 даражадаги сертификат талаби 2023/2024 ўқув йилидан татбиқ этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорига асосан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилинаётган номзодлар камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозим.
“Мазкур қоиданинг амалиётга жорий этилиши натижасида айрим ҳудудларда чет тили фани ўқитувчиларининг умумтаълим мактабларига ишга қабул қилинишида муаммолар юзага келиши ва ўқитувчиларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда.
Кўплаб мурожаатларни инобатга олиб, шунингдек, мактабларда хорижий тилларни ўқитиш жараёни давомийлигини таъминлаш мақсадида Ҳукумат томонидан В2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлмаган чети тили фани ўқитувчиларининг умумтаълим мактабларига ишга қабул қилинмаслиги хусусидаги талаб 2023/2024 ўқув йилидан кучга кириши юзасидан топшириқ берилди”, – дейилади хабарда.
ХТВ ўқитувчилардан мактабларда таълим сифати ва педагогларнинг билимига белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бериш учун ўз устида ишлаш ва малакани ошириш чоралари кўришни сўраган.
Қайд этиш мумкин, 2024/2025 ўқув йилидан мактабдаги ҳар қандай чет тили фани ўқитувчиси В2 даражадаги сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Ўз навбатида С1 даражадаги халқаро сертификатга эга ўқитувчилар ҳам айни вақтда ойлик иш ҳақларини 50 фоизга ошириш имкониятига эга.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!