$
12844.21 UZS
-11.72
127.35 UZS
-0.81
13508.26 UZS
-62.46
15° Кечаси

Ҳарбийнинг аёли бўлиш осонми?

11:51 / 14.01.2022

Халқимизда бир удум бор, армияга отланган йигитга бутун нон тишлатилади. Кемтик нон йигит хизматдан қайтгунча уй тўрида туради. Йигит насибаси тортиб бир куни албатта кириб келишига умид қилинган ирим бу. Омон-омон кунларда ким бир ойлик, кимдир бир ярим йиллик муддатли хизматга жўнаганда шунча хавотир! Умрини буткул ҳарбийликка бағишлаган йигитларнинг ота-онасига тўзим берсин. Аёлига ҳам...

Шукрки, бугун юртимиз тинч, осмонимиз ёруғ. Яна шуниси аниқки, ана шу тинчликда ҳарбийларимиз хизмати беқиёс.

Жомадони доимо тайёр турувчи ҳарбийнинг аёли бўлиш осонми? Кўп ҳолларда яқинларидан узоқда бўладиган ва турли шароитларга тушиб қолиши мумкин бўлган оилалар нималардан қувват ва таскин оладилар?

Кўз ёшларга тўла асал ойи

Муштарий Музаффарова, лейтенант Ҳусниддин Ҳакимов билан ўтган йил ёзида оила қурган. Жуфтлик Сурхондарё вилояти, Музработ туманида яшайди.

Афғонистон билан чегарадош Сурхoндарё вилояти, Музработ туманидаги 9221-ҳарбий қисмда ўтган йилнинг августи охирларида бўлгандик. Ўнлаб инсонлар билан суҳбатлашганмиз. Суҳбатлардан бири асосидаги мақоланинг эълон қилиниши вақти соати бугун экан...

Дала-даштларни ортда қолдириб, кенг яйдоқ чўл ўртасидаги ҳарбий қўрғонга етиб боришнинг ўзи бўлмайди. Энг сўнгги русумдаги машина ҳам сизни олиб отаверади, олиб отаверади. Мана етиб келдингиз ҳам. Ўз-ўзингизча ичкарига киролмайсиз. Қўрғон атрофи икки одам бўйи симтўр билан чир айлантириб ўралган. Унга одам-ку одам, бехос шоқол тегиб кетса ҳам сигнал чунонам чийиллашини айтишди...

Обод, дов-дарахтлар, гуллар экилган ҳовлига кирганда йўл азоби ҳам аригандек бўлди.

Ҳарбий тайёргарлик ва фаолият мажмуаси орқа томони – истиқомат ҳудуди. Мўъжазгина қўрғон икки қаватли янги уйлардан иборат. Жами 40 та оилага мўлжалланган хонадон бор.

Қўрғондаги энг ёш оила бекаси сифатида Муштарий Музаффаровани тавсия қилишган.

Келинчакли хонадоннинг таровати бошқача-да. Нозиккина Муштарийбегим қўли доим кўксида. Кўзлари кулиб туради. Гапиргандаги сокин оҳанг, суҳбатдошни тинглай олиши, маънили бир оилада тарбия кўрганидан дарак. Куёв бола 25 ёшли катта лейтенант Ҳусниддин Ҳакимов чегарани қўриқлаш взводи командирининг мафкуравий-тарбиявий ишлари бўйича ўринбосари. Уларнинг иккови ҳам бухоролик. Тўйлари саратонда Бухорода ўтган. Янги келин қайнона-қайнотасига йигирма кунгина хизмат қилган. Сўнг ёшлар Ҳусниддин хизмат қилаётган Бўстонлиқдаги ҳарбий қисмга келишган. Ҳали чиллалари чиқмасданоқ Сурхондарёга йўл олишган. Ҳарбийнинг шу зайлдаги “кўч-кўч” ҳаётига Муштарий тайёрмиди?

Foto: Dilruh Isomiddinova

“Совчилик орқали биринчи учрашувга чиққанмиз. Аркка бордик, ўтирдик. 1-2 соатча суҳбатлашдик. Гап келиб-келиб ишга тўхтаганда, ишларини, мен нимага бораётганимни тушунтирдилар. Биринчи марта қўрққанман. Бизнинг авлодда ҳарбийлар йўқ. Тўғри, дадам армияда хизмат қилганлар, лекин ҳарбий деганда хатарни тушунишга ўрганиб қолганмиз” – дейди Муштарий.

Ўшанда қизгина Бухоро давлат университети тўртинчи босқичи талабаси эди. Унинг ўйлаб кўриши учун бир йил вақти бор эди. Ҳусниддиннинг китобга бўлган иштиёқи, қизнинг касал бўлганини эшитиб гул ва шоколад билан кириб келгани каби эътиборлар Муштарий кўнглига меҳр солди.

Ҳусниддин Тошкентдан Сурхoндарёга йўлланар экан, интернетдан Афғонистон воқеаларини синчиклаб ўрганганини айтади.

“Биринчи вазифам рафиқамни тинчлантиришим, ундаги қўрқув ҳисини йўқотишим керак эди. Лекин ўзимнинг ичимда ҳам вазият қандай экан, деган ҳадик ҳам бор эди. Чунки Афғонистондаги ҳолатларни интернетдан кўриб бораётгандик. Портлашлар, ўт-олов ичида қолиб кетган одамлар...

Ҳар қандай инсоннинг қалбини титратади. Ҳадикни енгиб келдик. Ишонар эдим, Ўзбекистон Қуролли Кучларига жанговар шайлигимиз юқори ҳолатга кўтарилган эди”, – дейди Ҳусниддинов Ҳакимов.

Foto: Dilruh Isomiddinova

Муштарий эса Музработга келганларидан кўп ўтмай ҳарбий қисмда кучайтирилган тартиб жорий этилган кунларни эслайди.

“Ўқ овозлари, гумбур-гумбур овозлар эшитиларди. Барча эркаклар 3-4 кунлаб уйга келмас эдилар. Бир куни сирена овози ёйилди. Биринчи марта эшитдим, қўрқиб кетдим. Хўжайиним чиқиб кетдилар. Мен уруш бошланди, деб ўйладим. Кейин қўшнилар чиқиб бу оддий ҳолат эканлигини тушунтиришди. Неча кун кўринмай бир келганларида ҳам эшикдан қандайсан, деб кетардилар. Елкаларида қурол. Бошқа пайтлар қурол билан юрмаганлари учун ваҳима босарди. Фақат йиғлардим. Янги келинчакман, бу ерларда ҳеч кимни танимайман, бунақа ҳолатларни кўрмаганман”, – дейди Муштарийбону.

Шунда Муштарийга қўшни аёллар мададкор бўлишган, бундай воқеалар уларнинг бошидан кўп марта ўтганини, бизнинг юртда урушга йўл йўқлигини тушунтиришган. Ана шундай синовли кунларда Муштарий иродаси чиниқди. Яқинлари видеосуҳбатга чиққанда кўз ёшларини артган ва кулиб гаплашган: “Бизлар Ўзбекистонда яшаймиз. Ҳарбийларимиз бизни шундай қўриқлайдиларки, бизда уруш бўлмайди” деб айтган. Муштарий энди у кунларни кулиб эслайди, гоҳида ўзини ғўрликда айблаб ҳам қўяди.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси битиргандан буён ДХХ Чегара қўшинлар ҳарбий хизматчиси сифатида “пишган” Ҳусниддин Ватан ҳимоячиси бўлишнинг шараф эканлигини таъкидлайди.

“Ортингда бутун Ватан турганда, инсонлар тақдири, уларнинг тинч-осойишта ухлашини ўйлаганда, яқинларингиз сизга ишониб осойишта ҳаётларини давом эттираётганини ўйлаганда ғурур ҳисси пайдо бўлади-да, қиладиган ишингиз билан фахрланасиз. Айнан мана шу ҳиссиёт сизни чарчамасликка, янада олдинга интилишга йўналтиради.

Муштарий ҳам, Ҳусниддин ҳам кўп ўқийдилар, изланадилар. Инглиз тили мутахассиси бўлган келин Афғонистондаги воқеалар лавҳаларини аслиятида кўрди. У, айниқса, афғон болаларини ҳарбийларга бериб юборилаётган видеодан таъсирланганини айтади. Кейин у “Толибон”нинг хотин-қизларга чекловлари – кўчага ёлғиз чиқмаслик, бурқада юриш, уларнинг ишлаши тақиқланишидан қаттиқ ташвишда.

“Мен эса янги ўқув йилидан ҳудудимизга энг яқин мактабда дарс бермоқчиман. Истагимни хўжайинимга айтганимда, у киши йўлда қийналмаслигим учун буюртма такси ёллашларини айтдилар. Кейин ҳарбийлар фарзандлари учун бепул курслар ҳам ташкил қилмоқчиман”, – дейди хонадон бекаси.

Ҳусниддин эса толибларни яхшироқ ўрганиш учун “Мен Малаламан” китобини ўқиган. Унда “Толибон”нинг Покистондаги фаолияти муаллиф тилидан сўзланади. Ҳусниддин хизмат қилаётган бўлинма Афғонистоннинг Дали аҳоли пунктига тўғри келади. Мана шу ҳудудни ҳам у ўрганган.

“Уруш бўлган жойда ривожланиш бўлмайди. Иқтисодиётда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам. Маънавият ва маърифатда ҳам”, – дейди у.

Муштарийнинг сал кейинги режаларидан бири магистратурада ўқишини давом эттириш, кейин докторантура.

Ҳусниддин эса бу вақтда пенсияга чиққан бўларкан – 33 ёшида (маълум бўлишича, табиий шароит, хизматнинг ўзига хос мураккаблиги, чегара ҳудуди каби ҳолатлар қайд этилганда бир йиллик иш стажи икки йилга ўтар экан). Шунда у ўзи таълим олган Ўзбекистон Қуролли Кучларм академиясида амалиётда кўрганларидан бўлажак офицерларга сабоқ бермоқчи. Ҳусниддин таълим олишга шароит яратиб берган ота-онасига миннатдорчилик билдирди.

“Ватан ҳимоячилари куни” олдидан Ҳусниддин ва Муштарийбегим билан боғландик. Муштарийбегим Музаффарова Музработ тумани 22-умумтаълим мактабида инглиз тилидан дарс бераётган экан. Ҳусниддин эса ўз фаолиятини одатдагича давом эттиряпти..

 “Қизларим дадам келадими, деб қоронғуни кутишади...”

Муқаддас Собирова сержант Асрор Холматовнинг олти йиллик рафиқаси. Оила Сирдарё вилояти Ширин шаҳарчасида яшайди.

Ҳарбий қисмда бизни кутиб олган Асрор хонадони сари бошлади.

Яна бир файзли оила. Бир-биридан ширин вижир-вижир икки қизалоқ Асрор ва Муқаддаснинг энг катта қувончи. Уларнинг исмлари Асида ва Асила. Билмаган одам қизларни эгизак дейди. Қизалоқларнинг саволлари-ю талаблари, инжиқлиги орасида суҳбатимиз қизиди.

Сержант Асрор Холматов Ширин шаҳридаги ҳарбий қисм таркибида хизмат қилади. У 2012 йилда “Қуролли кучлар академияси”га ҳужжат топшириб бали етишмаганда ҳам ҳарбий бўлиш ниятидан қайтмаган.

Жиззах вилояти Бахмал туманида аскарлик бурчини бажараётганда у Ватанни қўриқлаш, ҳарбийлик юкини елкада кўтариш учун офицер бўлиш шарт эмас, деган қарорга келган.

“2015 йилнинг февралида бир йиллик хизматни тугатиб, шартнома асосида ишлаш иштиёқи пайдо бўлди. Тестлар, имтиҳон топширдим. Саралаш босқичидан ўтганимдан сўнг беш йиллик шартнома тузиб, Ширин шаҳрига йўлландим. Мана, етти йилдан буён битта объектдаман”, – дейди Асрор.

Асрор бир йилча кўникиш давридан ўтгач, онаси кўз остига олиб қўйган қиз ҳақида гап очган. Асрор ҳам Муқаддас ҳам Фарғонанинг Олтиариғидан. Маҳалладош қизни Асрор азалдан билган. Фақат улар аввалдан гаплашиб юришмаган.

“Онам танлаган қиз, менга ҳам ёқди”, – очиқ чеҳра билан гапиради Асрор.

Foto: Xabardor.uz

Муқаддас эса биринчи учрашувини шундай эслайди:

“Булар (турмуш ўртоғини назарда тутиб, -таҳр.) дадамга ёқарди, менга ҳам албатта ёққан. Биринчи учрашувда Фарғонада боғларда айланганмиз. Тушунтирган. “Мен кўп ваъдалар бермайман. Лекин бахтли қилиш учун ҳаракат қиламан” деган. Ана шу билан кетган, 7 ойдан кейин келган”.

Муқаддас, эҳтимол, ҳарбий ҳаётнинг ўзига хос мураккаблигию олдинда уни қандай масъулият кутаётганини етти ойлик ҳижронда ҳис қилгандир. “Лекин телефонда гаплашиб турганмиз” – қўшиб қўяди у.

Муқаддаснинг айтишича, кейинги учрашувда улар ЗАГСга ариза ёзишган, тиббий кўрикдан ўтишган. Шу билан келин Асрорни тўйда кўрган. Кейин барча ҳарбийлар келинчаги каби Муқаддасхон ҳам чилласи чиқмасданоқ қайнона-қайнота хонадонини тарк этди.

“Эрталаб чиқиб кетиб, кечқурун келади. Зерикар эдим, уйдагиларни соғинардим”, – Муқаддас “йиғлар эдим” деган иборани ёнида ўйнаб турган қизалоқларини ўйлабми, айтмайди.

Муқаддас кейинчалик кўплаб дугоналар топган. Улар ҳам ҳарбий оилаларнинг аёллари. Дугоналари улар каби 5-6 йиллик рўзғор бўлишса-да, аллақачон бир неча вилоятда яшаб келишга улгуришган. Етти йил давомида эрининг битта қисмда хизмат қилиши бу аёлнинг ҳаёти силлиқ кечди деганими?

“Мана бу ҳарбий қисмдаги уй берилгунча, қисмдан ташқарида ижара уйни тўрт-беш марта алмаштириб яшаганмиз. Ҳар бир уй эгасининг ўзига хос талаблари бўларди. Кейин буларнинг узоқ муддатли сафарлариям кам эмас, мусобақалари кўп”, – дейди Муқаддас.

Асрор оилада уч ўғил улғайгани учунми, қизларига, аёлига кўпроқ меҳр бергиси, улар учун кўпроқ вақт ажратгиси келади. Лекин ҳарбий хизмат ҳамма вақт ҳам бунга имкон бермайди. Асрор халқаро ҳарбий ўйинлари мусобақалари иштирокчиси сифатида машғулотларда, сафарларда  бўлишига тўғри келади.

Асрор оила бошлиғининг вақтинчалик узоқда бўлиши оилани янада жипслаштиради деб ҳисоблайди.

Муқаддасхон ўзи мактабгача таълим борасида маълумотга эга, қизлари билан шуғулланишни ўрнига қўяди. Китоб ўқиб беради, мультфильм қўйиб беради, ҳаракатли ўйинларга ҳам аҳамият қаратади, вақтида овқатлантиради, вақтида ухлатади. Лекин қизлари дадаси сафарда бўлганида, онасининг айтишича, “қоронғу тушса келадими” деб қоронғуни кутишади. Каттаси дадасини сўрайди, кичиги инжиқ бўлиб қолади...

Foto: Xabardor.uz

Асрор узоқ муддатли сафарлари чоғида оиласини Фарғонага олиб бориб қўяди. Қизлари дунёга келиши олдидан ҳам аёлини онасига топшириб келган. Кейин чақалоқ 2-3 ойлик бўлгунча икки орада қатнайди. Бунинг ҳаммаси аёли ёлғизланмасин, қийналмасин деган мақсадда.

Муқаддас ҳарбий аёлининг қийинчилиги “кўч-кўч”ларда эмас, кўпинча жуфти узоқда бўлишида деб билади. “Кейин ҳарбий эркаклар уйда ҳам ҳарбий интизом талаб қилишида”, – дейди у.

“Ёғни ёндирганинг, ҳаммаёқни қорайтирганинг-у, уйни сувга бостирганингни айтмайсанми?” – Асрор ҳазил аралаш суҳбатни энг қизиқ нуқтага буради.

Шунда Муқаддас бошлайди: “Тушликка келадиган вақти олдидан ёғни қозонга қўйиб, газни ёққанман. Тез-тез уннаяпман. Чунки келганида овқат тайёр бўлмаса, индамасдан чиқиб кетади. Ичкарида бешикдаги бола биғиллаб йиғлади. Ўзи туни билан бевозталаниб чиққанди. Ичкарида болани анча вақт овутиб, ёғни унутибман. Ёғ ёниб кетган. Қўшниларим кўрган. Тақиллатишди ваҳима билан. Қўрқиб кетганман.”

Эр-хотин ўша куни Асрор тушликсиз қолганию, кўчиб кирганларига ҳафта бўлмаган ижара уйни ремонт қилиб берганларини кулиб-кулиб бири олиб, бири қўйиб гапиради. Лекин, тасаввур қилинг, ўшанда аёл кулганми, йиғлаганми? Унинг ўшандаги ҳолати – ҳам бешикда боласи, ҳам иккиқатлик нималигини бошидан ўтказган аёлгина тушунади.

Уйни сув бостирганида, (бошқа уйда) Муқаддас икки фарзанди билан уйда бўлган. Ўша тунда Асрор навбатчиликка қўйилган.

“Кечқурун сув ўчиб қолган. Идишни юволмаганман. Сув ҳам олиб қўймаган эканмиз. Раковина ўртасида идишим қолиб, сув очиғича қолиб кетган. Тунда сув чиққан, идиш тўсгани учун сувни тортиб кетолмаган. Соат бирлармиди, пастдаги қўшним ваҳима билан тақиллатаяпти. Ҳали нима бўлганини ҳам тушунмаганман. Эшикни очмаганман...”

Холматовнинг уйини сув босди” деган мазмунда ҳарбий қисмга қўнғироқ бўлган.

 “Ўрнимга наряд чақириб минг хаёл билан келганман”, – дейди Асрор.

Нафақат Асрор ва Муқаддаснинг ҳаётида, балки бошқа ҳарбийлар ҳаётида ҳам ишдаги тартибнинг оилага таъсири бўлади. Шунақа пайтда тушунмовчилик, араз-гина ҳам бўлади. “Кенгроқ қараш керак, масала ўтди-кетди, кейин кулгуга йўядиган жиҳатлар бўлади ёки умуман “унутиш” лозим бўлади” дейишди суҳбатдошларим.

Асрор ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳафталик бозорни ўзи қилиб беришга ҳаракат қилади. “Ҳарбийнинг аёли бўлганимдан ҳеч қачон афсусланмайман, аксинча, фахрланаман. Тўғри, хавотирланаман. Ҳар сафар “Оллоҳга омонат” дейман, Оллоҳ сақлайди”, – Муқаддас таъсирланиб айтади бу сўзларини.

Муқаддас келин бўлиб тушганидан буён моддий қийинчиликни сезмаганини таъкидлайди. Эрлари Россия ва бошқа давлатларда йиллаб қолиб кетиб, болалари тарбияси ва шароитларида муаммо бўлаётган мактабдош дугоналари унга ҳавас қилишини ҳам айтади. Эр-хотин иккови бир овоздан “Ширин шаҳрига ўрганиб қолдик. Лекин бошқа ҳудудга ўтиш талаби пайдо бўлса, биз тайёрмиз, янги саргузаштларни яхши кўрамиз”, дейишади.

Асида ва Асила эса янги жойга кўчиш нималигини ҳали тушунишмайди. Бир қарасангиз, биргаликда куйлашади, баъзан жанжаллашади. Тортишувлари ҳам четдан қараганда завқли. “Дадам меники! Йўқ меники!”. Дадасининг фуражкасини бирови эгаллаб олганда иккинчиси аразлайди...

“Синовларнинг роҳати ҳам бор”

Гуландон Ихсонова, ҳозирда нафақадаги офицер Жамшид  Юнусов билан оила қурганига 18 йил бўлган. Бугун у оиласи билан Тошкентда яшайди.

Самарқандда келинлик даврининг ўзига хослиги бор. Қирқ кун келинчак бошидан тиллақош тушмайди. Зардўзи либослар ҳар куни неча марта алмаштирилади...

Гуландон фақат ўн беш кунгина дўппи, тиллақошли юрди. Кейин келин-куёв “қайдасан, Қорақалпоғистон” деб йўлга чиқдилар. Самарқандча миллий лаш-лушлар қолди сандиқда.

Foto: Oilaviy arxivdan

“Биз совчи қўйилгунча бир-биримизни танимаганмиз. Фақат ота-оналар қуда бўлмишларни узоқроқдан билишган. Новчаман. Совчи қўяётганларнинг кўпи бўйи пастроқ ёки тенг бўйли бўлган. Ишқилиб, тақдиримга мендан баланди учрасин дея ният қилардим. Гап фақат ташқи кўринишда ҳам эмас, албатта. Улар мендан анча баланд экан. Кейин оғир-босиқ, гапларини ўйлаб гапирадиган йигит сифатида таассурот қолдирган”, –  эслайди Гуландон.

Жамшид эса “Ҳаммасини Гулидан сўрайверинг” дейди. Кенжалари Фарзона ҳам дадаси билан ўйинидан чалғишни истамайди.

Нукусда Гуландонни кутилмаган, тасаввурига сиғмайдиган ҳаёт кутарди. Аввало об-ҳаво жуда фарқли эди. Кейин у қорақалпоқ тилини бошида тушунмаган.

“Тилни билмайман, ҳеч қаерни билмайман. Борган пайтларимиз на радио, на телевизоримиз бор эди. Хўжайиним ишлари оқшом 11гача давом этар, тўрт девор ичида қолганман. Лекин уларнинг меҳрлари, сабр-тоқатга ундашлари билан қийинчиликларни енгиб яшадим.

Жамшид Қорақалпоғистонда ўтган йилларни шундай хотирлайди:

“Хизматни бошлаганимдан кўп ўтмай ойлик шартномадаги аскарлар взвод командири этиб тайинландим. Ишимиз қийин эди. Оилага кўпроқ эътибор беришга ҳаракат қилганим билан истак ва имкон ўртасида тафовут бор эди.”

Гуландон ҳарбийлар ҳаётини ичкаридан кузатар экан, ўзи ҳам ҳарбий бўлмоқчи эканини кунлардан бирида Жамшидга айтган. Жамшид эса оилада ҳам аёл, ҳам эркак ҳарбий бўлиши аввало болалар ҳаётига таъсир қилишини унга тушунтирган. Гуландом фарзандли бўлганидан кейингина эрининг ҳақлигини тушунган.

“Бошқа келинлар қайнона ва онасидан узоқда бола парваришида қийналганини биламан. Лекин мен Самарқанддаги шифохонанинг чақалоқлар бўлимида ҳамшира бўлиб ишлаганим қўл келди. Лекин бозор-ўчарга чиқишда аравачада чақалоқни бирга олиб чиқишга мажбур бўлардим, қолдириб кетадиган одам йўқ эди. Хўжайинимнинг бозорга боришга вақтлари йўқ эди”, – деб эслайди Гуландон.

Бора-бора Гуландон бошқа ҳарбийларнинг аёллари, қорақалпоқ қўшни хотин-қизлар билан ҳам яқин дугона бўлиб кетди. Унинг ўзи ҳам қорақалпоқ тилида гапирадиган бўлди.

Foto: Oilaviy arxivdan

Катта фарзанди Жаҳонгир ва қизалоғи Маржонанинг тиллари боғчада, қорақалпоқчада чиққан:    “Боғча ёшида эди. Самарқандга меҳмонга борганимизда иккиси бир уй қариндошлар олдида урушиб қолса денг. Улар қорақалпоқчасига бир-бирини айблар, меҳмонлар улар нима деяётганини тушунмас эдилар...”

Мамлакатнинг энг чекка ҳудудидан кейин Жамшид ва Гуландоннинг мўъжазгина оиласи Тошкентга ўтказилди. Жамшид ҳарбий академияда таълим бера бошлади. Шу йили Жаҳонгир Мудофаа вазирлиги қошидаги мактабга 1-синфга қабул қилинди. Кейин Маржонани ҳам шу мактабга беришди.

Оила ҳарбийларга берилган имтиёзли тўловли уйга кўчиб ўтгунча бир неча марта истиқомат жойларини алмаштирди. Лекин улар болалар мактабидан узоқ бўлмаган ҳудуддан уй топишга ҳаракат қилишди.

Сабрнинг таги сариқ олтин дейдилар. Ҳарбийлар учун махсус имтиёзли ипотека уй ҳам олишди. Янги уйда янги қувончлар олиб келган Фарзона туғилди. Бу вақтда Маржона дастёр бўлиб қолганди, уй-рўзғор ишларида, синглиси парваришида қарашди.

Жамшид нафақага чиқишидан кейинги фаолияти ҳақида тўхталади:

“2018 йилдан муддатидан аввал пенсияга чиқишим мумкин эди. Қорақалқоғистонда ишлаган бир йилим бир ярим йил деб белгиланган. Ҳарбийнинг маоши яхши бўлгани учун пенсияси ҳам рисоладагидек бўлади. Шундай бўлса ҳам ўзимни бир неча бошқа соҳаларда синаб кўришдан эринмадим. Мана, бир фирмада ўз ўрнимни топганимга амин бўлдим. Ишимиз қизиқ, деҳқончиликни ривожлантиришга йўналтирилган.”

Гуландон эса Тошкентга келган йилларида 3-сонли Тошкент Тиббиёт Академияси жамоасига келиб қўшилганди. Бугун ҳам у аҳил жамоаси билан бирга. Тиббий реабилитация бўлимига келиб  даволанадиган мижозлари орасида қорақалпоқ мижозлари кам эмас. Улар “Гули қизимиз” деб атайлаб излаб келишади. Дарддан фориғ бўлиб қайтаётганда эса дуолар қилишади.

Қаҳрамонимиз ҳарбий ёрининг кўнглига қараб мазали-мазали овқатлар тайёрлашни ҳам уддасидан чиқади, болаларининг ҳар бири билан уларнинг характери, қизиқишларига қараб суҳбатлашади, йўналтиради. Ўз устида ишлашни ҳам яхши кўради. Тиббиёт бўйича қўшимча курсларни битирди. Ҳайдовчиликни ўрганиб бўлгани билан турмуш ўртоғи у учун алоҳида автомобиль олиб берди.

“Ҳарбийликдаги фаолиятлари тугади. Лекин  оилади ҳарбий интизом, фаоллик қолди. Ўзим ҳам ҳар куни тонгда бир хил вақтда уйғонишга одатланиб қолганман. Нонушта тайёрлайман. Болалар тушлигини ҳам пишириб қўяман. Кейин ҳаммамиз биргаликда нонушта қилиб, йўлга чиқамиз. Болаларнинг бирини боғчасига, бошқасини мактабига, яна бирини қўшимча курсига ташлаб ишга келаман. Дадамиз ишхоналари йўли тескари йўналишда. Шу сабабли улар ишларига ўз машиналарида етиб оладилар”, – дейди хонадон бекаси.

Гуландон ҳарбий хизматчиларнинг хорижий давлатга чиқиши тақиқлангани асосли талаб эканлигини яхши тушунади. Аммо оиласи билан чет элларга саёҳат қилолмайманми деб хуноб бўлганини кулиб эслайди. Турмуш ўртоғи нафақага чиққанидан сўнг, ўтган ёзда жуфтлик Мисрда бир ҳафта давомида саёҳатда бўлишган.

Foto: Oilaviy arxivdan

Бу йил Гуландон ва Жамшид оилада яна бир қувончдан умидвор. Мактабни битираётган Жаҳонгир молия соҳасида олий таълим даргоҳига кириш учун қизғин тайёрланаяпти.

“Ҳарбий билан ёнма-ён яшаган аёлга берилган ташвиш-синовлар интиҳоси роҳат, десам баландпарвоз туюлмасин. Мен турмуш ўртоғимнинг Ватан тинчлиги учун ҳиссаси қўшилганидан, мен оиладан туриб уларни қўллаганимдан фахрланаман”, – дейди Гуландон Ихсонова.

Хулоса ўрнида

Қаҳрамонларимизнинг бирортаси турмуш қийинчиликларидан нолимади, ҳарбийнинг аёли бўлиш қийин демади. Лекин самимий суҳбатлардан уларга осон бўлмагани, бўлмаётганини ўзингиз ҳам илғагандирсиз. Аммо ҳаётнинг ўзи ўнғир-чўнқирлари, улардан ўтиб олганингиз билан қизиқ эмасми?

Энг муҳим гап: Биз осуда мамлакатда яшаяпмиз. Қаҳрамон аёлларимиз, уларнинг минглаб дугоналари тинчлик посбонларининг тинчини қўриқлаяпти.

Мустаҳкам Тангриёрова, журналист

 


Бу ҳам қизиқ

Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари 2030 йилгача солиқлардан озод қилинади

Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари 2030 йилгача солиқлардан озод қилинади

Президент қарори билан 2030 йил 1 январга қадар нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари:– барча турдаги солиқ…
17:10 / 23.11.2024
“Тошшаҳартрансхизмат”га янги раҳбар тайинланди

“Тошшаҳартрансхизмат”га янги раҳбар тайинланди

Саттаров шу йилнинг февраль ойида ўғирлик ва расмий сохталаштиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган Анвар Жураевнинг ўрнини эга…
21:50 / 22.11.2024
Исроил Ғазодан кўра Ливанда сулҳ тузишни афзал билади

Исроил Ғазодан кўра Ливанда сулҳ тузишни афзал билади

The New York Times газетасининг хабар беришича, Исроил ва Ливан ўртасидаги мумкин бўлган келишувнинг тафсилотлари маълум бўл…
09:21 / 23.11.2024
Байден Нетаняхуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни “даҳшатли” деб атади

Байден Нетаняхуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни “даҳшатли” деб атади

Кеча, 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Нетаняху ва Галантни Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлари учун ҳибсга олиш тўғрисида …
09:38 / 22.11.2024
Қирғизистондаги 5,3 магнитудали зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилди

Қирғизистондаги 5,3 магнитудали зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилди

Зилзила эпицентри Тошкентдан 290 км жанубий-шарқда.
13:50 / 23.11.2024
Трамп Адлия вазирини Бош прокурор қилмоқчи

Трамп Адлия вазирини Бош прокурор қилмоқчи

Бу ҳақда президент ўзининг “Truth Social” ижтимоий тармоғида ёзган.
10:01 / 22.11.2024
Шавкат Мирзиёев иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи билан учрашув ўтказди

Шавкат Мирзиёев иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорли…
23:00 / 22.11.2024
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган

Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боққа кўчат экди.
14:09 / 23.11.2024
Зеленский: “Путин урушни кенгайтириш йўлидаги иккинчи қадамни қўйди”

Зеленский: “Путин урушни кенгайтириш йўлидаги иккинчи қадамни қўйди”

Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг баллистик ракета билан ҳужумига муносабат билдирди.
10:55 / 22.11.2024
“Ватандош картаси”га эга шахслар Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириши ва чиқиши мумкин

“Ватандош картаси”га эга шахслар Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириши ва чиқиши мумкин

Президент Қарори билан “Ватандош” гувоҳномаси ва “Ватандош” картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрис…
14:19 / 22.11.2024

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!