Интеллектуал мулк агентлигининг вазифалари Адлия вазирлигига юклатилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 26 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ушбу ҳужжат жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятнинг тезкорлиги ва сифати ошиши, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг ортиқча юкламалардан озод қилиниши, асосийси, мазкур соҳадаги суд-тергов амалиёти муаммоларининг бартараф этилишига хизмат қилади.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасиниг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлган.
Қонун лойиҳаси билан интеллектуал мулк соҳасидаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Интеллектуал мулк агентлигининг вазифалари Адлия вазирлигига юклатилмоқда.
Шунингдек, Меҳнат кодексига ўзгартириш киритилган ҳолда, адлия органларига меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.
Фракция аъзолари ҳар иккала қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида улардаги айрим нормалар юзасидан мутасаддиларга кўплаб саволлар билан юзланди. Қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича тегишли тавсиялар берган ҳолда мазкур ҳужжатлар қўллаб-қувватланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!