“Тошкентдаги озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларидаги сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш мақсадида, бозорларда қурилиш ва реконструкция ишлари бошланмоқда.
Ушбу ишларнинг биринчи босқичида, пойтахтимизнинг барча бозорларига маҳсулотларни асосий етказиб берувчиси бўлган Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорида реконструкция ишлари бошланишини маълум қиламиз.
Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда.
Реконструкция даврида тадбиркорлар ўз фаолиятини “Фоод city”, “Ташкент Index” ва бошқа савдо мажмуаларида ташкил этилган қулай шароитларда давом эттирилиши таклиф қилинади.
Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган харажатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.
Шунингдек, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида “Қўйлиқ” массивидан бозор ҳудудигача йўл кира ҳаққи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинди ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилди.
Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходимларни “Фоод city” ва “Ташкент city” савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.
Шу тариқа, бозорларни тартибга келтириш, кўчириш ёки реконструкция қилиш ишлари пойтахтимиз бўйлаб давом этади ва тез орада улар аҳоли учун файзли ва обод масканларга айланишига умид қиламиз”– дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!