Бугун, 2 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Давлат раҳбари йиғилишда уй-жой қурилиши ва ипотека тизимида ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжудлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, булар:
– ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча кам. Хусусан, Хонқа туманида 5 мингта янги уй-жойга талаб бўлсада, келгуси йилда атиги 464 та (талабнинг 9 фоизи) уйлар қуриш режа қилинган;
– бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун қиймати 255 миллиард сўмлик 950 та қурилган хонадон сотилмасдан турибди;
– ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 триллион сўм субсидиядан 220 миллиард сўми ишлатилган, холос. Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди;
– аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаяпти.
Шунингдек, давлат раҳбари уй-жой қуриладиган ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани ҳам айрим ҳудудларда қурилиш ишларининг олиб борилмаганига сабаб бўлганига тўхталди.
– Кй-жой қуриладиган массивлар рўйхати тасдиқланган бўлсада, ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани боис, Тошкент вилоятида – 2,7 минг, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразмда – 1,5 минг хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланмаган.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланмоқда.
Бунинг салбий оқибатларини Жиззах мисолида ҳамма кўрди, – деб таъкидлади Президент.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!