“Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ходимлари кўмагида Новосибирск шаҳрида мушкул аҳволда қолган уч нафар ўзбекистонлик “Ватанга қайтариш” номли хайрия акцияси доирасида оиласи бағрига қайтарилди”, – деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Бош консулхона томонидан фуқароларга Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатлар расмийлаштирилган. Улар 4 август куни “Узбекистан airways” авиакомпанияси самолёти билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.
Маълумот учун, 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Миграция агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда жорий йил 30 июлдан 30 августгача “Ватанга қайтариш” номли хайрия акцияси ўтказилмоқда.
Акция доирасида хорижий давлатларда мушкул аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш ва уларни самарали реинтеграция қилиш ишлари амалга ошириляпти.
Биринчи навбатда, Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Кореяда депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинмоқда.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва Бош консулхоналари 7 августга қадар чет эл давлатларнинг депортация марказларида сақланаётган ўзбекистонликларни аниқлайди ва улар ҳақидаги рўйхатни Миграция агентлигига тақдим этади.
Фуқаро Миграция агентлигига тўғридан-тўғри мурожаат қилган тақдирда, агентлик ходимлари 1-2 соат ичида улар билан боғланади ҳамда аризани масофавий тарзда қабул қилади. Ариза бир кун ичида кўриб чиқилади ва икки кун муддатда йўл чиптаси олиб берилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!