Президент Шавкат Мирзиёев Зомин технопаркидаги биринчи инвестиция лойиҳаларини бошлади. Ҳозирда 30 та лойиҳа шакллантирилди, унга Хитой 1,2 миллиард доллар сармоя киритади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Жиззах вилоятининг Зомин туманида Хитойнинг “Мингюан” компанияси билан биргаликда “технопарк” махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳа учун 400 гектар ер ажратилиб, инфратузилмани таъминлашнинг мақсадли дастури тасдиқланган ва 160 млрд сўм ажратилган.
Қайд этилишича, хитойлик инвесторлар 1,2 миллиард доллар сармоя киритадиган 30 та лойиҳа аллақачон шаклланган.
Ушбу ҳудудда юқори қўшилган қийматли товарлар ва ташқи бозорларда талаб қилинадиган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этилади. Хусусан, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебель, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳаларида лойиҳалар амалга оширилади.
Натижада 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади, 4,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, технопарк ҳудудида саноат корхоналари учун малакали мутахассисларни тайёрлайдиган халқаро тажриба алмашиш ва муҳандислик маркази ташкил этилади.
Бундан ташқари, офис маркази, турар-жой бинолари, эко-Парк, йирик кўргазма зали ва савдо маркази қурилиши ҳам режалаштирилган.
Маросимда давлат раҳбари рамзий тугмани босди. Шунингдек, технопаркда биринчи инвестиция лойиҳалари қурилиши бошланди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!