“Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Аввало, анъанавий самимий қабул ва учрашувимизни юксак даражада ташкил этгани учун Тожикистон Республикаси Президенти ҳурматли Эмомали Шарипович Раҳмон шаънига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Биз ҳар сафар Тожикистонга ташриф буюрар эканмиз, Сизнинг раҳбарлигингизда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўламиз. Кўз ўнгимизда мамлакат қиёфаси тубдан ўзгармоқда – иқтисодиёт ва инфратузилма жадал ривожланмоқда, энг асосийси – аҳоли фаровонлиги ошиб бормоқда.
Россия Федерацияси Президенти ҳурматли Владимир Владимирович Путинга Марказий Осиё билан кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантиришнинг қатъий тарафдори бўлиб келаётгани учун самимий ташаккур изҳор этаман.
Сизнинг минтақа билан иттифоқчилик муносабатлари ва кўпқиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларидаги доимий қўллаб-қувватлашингиз ва шахсий эътиборингизни Ўзбекистон доимо ҳис этиб келиши ва қадрлашини алоҳида қайд этмоқчиман.
Сиз илгари сурган, табиий шериклар бўлган мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлигига янги суръат беришга қаратилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Россия биз учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлайман.
Умумий тарих, кўпасрлик алоқалар, халқларимизнинг маданий ва дунёқараш жиҳатдан яқинлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар бундай ҳамкорликнинг мустаҳкам ва ўзгармас асоси ҳисобланади.
Шу билан бирга, геосиёсий зиддиятлар ва жаҳон иқтисодиётида инқироз ҳолатлари кучайиб бораётгани, янги хавф ва таҳдидлар минтақада барқарорликни таъминлаш йўлида бизнинг форматимиз доирасида янада яқин мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни талаб этмоқда.
Кун тартибидан келиб чиқиб, Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги кенг миқёсдаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича ўз қарашларимизни айтиб ўтмоқчиман.
Биз ушбу форматда аниқ натижага эришишга йўналтирилган тизимли сиёсий мулоқотларни кучайтириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Биз ҳар йили олий даражадаги учрашувларни, ҳукуматлар, вазирлик, идора ва минтақаларнинг мулоқотларини мунтазам равишда ўтказиб бориш тарафдоримиз. Шу муносабат билан 2027 йилгача бўлган Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинишини қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, ҳукуматларимизга амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган кенгайтирилган “йўл харитаси”ни тайёрлаш бўйича топшириқ беришни таклиф этамиз.
Топшириқларимиз ўз вақтида ижро этилаётганини назорат қилиш, минтақавий аҳамиятга эга бўлган дастур ва лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширилишини тезлаштириш учун ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Биз минтақамизнинг Россия билан иқтисодий шериклигини тубдан кенгайтиришдан манфаатдормиз. Буни биргаликдаги фаолиятимизнинг асосий йўналиши, деб ҳисоблаймиз.
Бозорларда ноқулай конъюнктура сақланиб қолаётган ва ташқи таъсирлар кучайиб бораётган шароитда ўзаро савдо кўрсаткичларида ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга эришмоқдамиз. Жумладан, ўтган йил якунлари бўйича ва жорий йилда Ўзбекистоннинг Россия ва минтақа мамлакатлари билан ўзаро товар айланмаси 15 фоизга ўсди.
Бу ишларни давом эттириш ва биз таклиф этаётган Кенгаш доирасида маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу ўринда сўз маҳсулот бозорларига ўзаро киришни енгиллаштириш, жараёнларни соддалаштириш, “Марказий Осиё – Россия агроэкспресс” лойиҳасини ишга тушириш ҳақида бормоқда.
Мамлакатларимизнинг транзит-транспорт салоҳиятидан, биринчи навбатда, Шимол–Жануб йўлаги доирасида самарали фойдаланиш ҳаётий муҳим аҳамият касб этади.
Биз автомобиль, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш ва шу асосда инфратузилмавий шерикликнинг комплекс режаси – мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Ташқи хавф-хатарларга нисбатан барқарор бўлган интеграциялашган, ўзаро боғлиқ минтақавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш бизнинг пировард мақсадимиз бўлиши зарур.
Биз барқарор ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштиришни яна бир устувор йўналиш сифатида кўрамиз.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Россиянинг етакчи компаниялари билан саноат бўйича шерикликни фаол кенгайтирмоқда. Шу борада газ-кимё соҳасида йирик стратегик саноат лойиҳалари амалга оширилаётгани ва замонавий мис бойитиш хаби яратилаётганини мисол сифатида келтириб ўтишни истар эдим.
Айни вақтда машинасозлик, асбоблар ишлаб чиқариш, кимё, электротехника, тоғ-кон ва бошқа соҳаларда кластер асосида ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳали ишга солинмаган улкан захиралар мавжуд.
Етакчи корхоналар ва хусусий секторнинг инновацияга йўналтирилган кооперациясини рағбатлантириш учун Бухоро шаҳрида “Марказий Осиё – Россия” саноат инжиниринг хабини ташкил этишни таклиф қиламиз. Ушбу лойиҳа илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва оммалаштириш учун ноёб технологик майдончага айланишига ишонаман.
Тошкентда ўтказиладиган “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмали форум имкониятларини юқори даражада ишга солиш муҳим эканини қайд этмоқчиман. Апрель ойида ўтказилган кўргазма 35 мамлакатдан 10 мингдан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирди. Беш миллиард долларлик битимлар имзоланди.
Ушбу тадбирга “Марказий Осиё – Россия” мулоқоти форматидаги асосий саноат ва инновация майдони мақомини беришни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Мамлакатларимизнинг Россия билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги бундан буён ҳам минтақанинг тинчлиги ва барқарорлиги омили бўлиб қолади. Биз бугун стратегик, жумладан, газ қувурлари ва энергетика инфратузилмаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Шу кунларда тарихий бир воқеа бўлиб ўтади – Ўзбекистонда барпо этиладиган атом электр станциясининг биринчи реактори ва кўптармоқли ядро тиббиёти маркази қурилиши бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилади.
Ушбу йўналишда кенг кўламли илмий-амалий ҳамкорлик ўрнатишни – Ўзбекистонда атом энергетикаси бўйича Минтақавий компетенциялар марказини таъсис этиш, шунингдек, Москва давлат муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали базасида кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилишни таклиф этамиз.
Бундан ташқари, углеводород ресурсларини қидириш ва қайта ишлаш, электр энергетикаси тизимини модернизация қилиш, энергияни тежайдиган ечимларни жорий этиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз.
Илғор билим ва технологиялар трансфери, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва илгари суриш учун “Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги” комплекс дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Инновациялар соҳасида мамлакатимизда “Сколково” маркази филиалини очишни таклиф этамиз.
Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини таъсис этишни даврнинг ўзи талаб этмоқда, деб ҳисоблаймиз. Ишончим комил, бундай платформа етакчи марказлар, ташкилотлар ва IT компаниялар даражасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва лойиҳалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш учун имкон яратади.
Биз, шунингдек, қўшма дастурларни амалга ошириш йўли билан гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз. Шу борада этномаданият форуми – Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижодиёти фестивалини ҳар йили ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
“Келажак муҳандислари” илмий-таълим консорциумини ташкил этишни таклиф қиламиз. Бу мулоқот майдони дуал ва профессионал таълим тизимини жорий этиш, фундаментал илмий ишланмаларни амалга ошириш мақсадида мамлакатларимизнинг етакчи олийгоҳлари ва тадқиқот тузилмалари салоҳиятини бирлаштиришга хизмат қилади.
Россия университетларининг муваффақиятли ишлаётган филиаллари консорциумнинг интеллектуал базаси бўлиши мумкин. Ўзбекистонда 15 та ана шундай филиаллар фаолият юритмоқда.
Бу борада Марказий Осиё ва Россиядаги ёш тадқиқотчилар ва олимлар учун Махсус грантлар дастурини биргаликда таъсис этишимиз мумкин.
Бундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, меҳнат миграцияси соҳасида ижтимоий мослашувга кўмаклашиш дастурларини қабул қилиш, шунингдек, минтақавий йўналишлар асосида сайёҳлик оқимини кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтишни истар эдим.
Терроризм, экстремизм, радикализм, уюшган жиноятчилик, одам савдоси ва наркотрафикларга қарши курашда махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг яқин ҳамкорлигини янада кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Янги кибертаҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича биргаликда чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Афғонистон билан ҳамкорликни ривожлантириш ва ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий эттиришга кўмаклашиш бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида юқори даражадаги маслаҳатлашувларни ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз. Хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик, ушбу мамлакатда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ушбу учрашувлар кун тартибига киритилиши мумкин.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Сўзимнинг якунида мамлакатларимиз хавфсизлиги, барқарор тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш йўлида Россия билан кўпқиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқ эканимизни яна бир бор таъкидламоқчиман”, – деди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!