Байрам кунларида туристик йўналишларга қатновлар кўпайтирилади
Байрам кунларида Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилувчилар учун темирйўл, автомобиль ва ҳаво транспортида қўшимча қатновлар ташкил этилади. Айрим поездларга қўшимча вагонлар уланади, Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Урганчга қўшимча тезюрар поездлар, шунингдек, Урганч, Нукус, Бухоро ва Термизга қўшимча авиарейслар йўлга қўйилади.
Туризм қўмитаси байрам кунларида аҳолининг Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш ва ички туризмни рағбатлантириш мақсадида қўшимча транспорт қатновларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Темирйўл транспортида «Тошкент–Хива–Тошкент», «Тошкент–Қўнғирот–Тошкент», «Тошкент–Шовот–Тошкент», «Тошкент–Термиз–Тошкент» ва «Тошкент–Сариосиё–Тошкент» йўналишларидаги поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади.
Бундан ташқари, «Тошкент–Самарқанд–Тошкент», «Тошкент–Бухоро–Тошкент» ва «Тошкент–Урганч–Тошкент» йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларнинг қўшимча қатновлари ташкил этилади.
Ушбу қўшимча поездлар байрамдан икки кун олдин қатнай бошлайди ва байрамдан кейинги икки кун давомида ҳам ҳаракатланади.
Автомобиль транспортида эса барча вилоятлараро йўналишларда қўшимча автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Тошкент–Жанубий темирйўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилади. Байрамдан камида уч кун олдин «Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Урганч–Нукус» йўналишларидаги захира автобуслари шу ерга жойлаштирилади.
Ҳаво қатновлари ҳам кўпайтирилади. Байрамдан камида икки кун олдин «Тошкент–Урганч», «Тошкент–Нукус», «Тошкент–Бухоро» ва «Тошкент–Термиз» йўналишларида қўшимча авиарейслар амалга оширилади.
Расмийларга кўра, қўшимча транспорт қатновлари байрам кунларида ҳудудларга саёҳат қилишни енгиллаштириш, ички туризмни ривожлантириш ва тарихий, маданий ҳамда табиий туристик масканларга ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратишга қаратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!