27 август куни эрталаб номаълум шахслар Испаниянинг Вилена шаҳридаги МУВИ музейига бостириб кириб, 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга “Вилена хазиналари”нинг катта қисмини ўғирлади. Бу ҳақда “Эл Паíс” хабар берди.
Қайд этилишича, ўғриликдан аввал чалғитувчи ҳаракат амалга оширилган. Эрталаб соат 05:16 атрофида маҳаллий спорт марказида сигнализатсия ишга тушган. Хавфсизлик ходимлари у ерга йўл олганидан тўрт дақиқа ўтиб, соат 05:20 да музейдаги сигнализатсия ҳам ишга тушган. Политсия яна тўрт дақиқадан сўнг воқеа жойига етиб келганида, музей биноси бўшаб қолгани ва қимматбаҳо буюмлар ўғирланганини аниқлаган.
Ўғрилар дастлаб музейнинг асосий кириш қисмидан киришга уринган. Бироқ барча зарур ҳимоя тизимлари ва ўқ ўтмайдиган ойналар билан жиҳозланган ён ойналарни синдириб, бинога кирган.
Ҳозирча жиноятда гумон қилинаётган шахслар аниқланмаган. Кузатув камералари фақат иккита автомобилда бўлган бир гуруҳ одамларни қайд этган.
Вилена мери Фулхенсио Сердан ўғрилар “хазинанинг катта қисмини” олиб кетганини тасдиқлади.
“Вилена хазиналари”нинг умумий вазни қарийб 10 килограммни ташкил этади. Тўпламдан олтин ва кумуш тақинчоқлар, олтиндан ясалган косалар ва идишлар, подшоҳ ҳассасининг парчалари ҳамда бошқа тарихий буюмлар ўрин олган. Уларнинг умумий қиймати 1,5 миллион евродан ортиқ деб баҳоланмоқда. Қора бозорда эса хазинанинг қиймати бундан бир неча баравар юқори бўлиши мумкин.
Аҳолиси қарийб 35 минг кишини ташкил этувчи Вилена шаҳри учун мазкур ўғрилик катта йўқотиш бўлди.
“Улар бизни барбод қилишди. Бу меросимизнинг, бойлигимизнинг бир қисми эди. Хазиналар шаҳримиз фахри эди”, — деди Вилена мери.
Маълумот учун, “Вилена хазиналари” милоддан аввалги 1250-йилларга оид бўлиб, ёши 3 минг йилдан ошади. Улар 1963 йилда тасодифан топилган ва Пиреней ярим оролидаги бронза даврига оид энг муҳим олтин буюмлар тўпламларидан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шотландия соҳиллари яқинида қарийб 400 йил аввал чўкиб кетган қироллик кемаси — “Блессинг оф Бурнтисланд” қолдиқлари топилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Мутахассислар кема бортида бугунги қийматда 20 миллион фунт стерлингга тенг бойлик бўлганини тахмин қилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!