“Ватан таянчи” отряди аъзоларига ҳамда айрим ҳарбий-спорт мусобақалари ғолибларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома бериш тартиби тасдиқланди. Тегишли низом Адлия вазирлиги томонидан 26 август куни давлат рўйхатидан ўтказилди.
Тавсиянома қуйидаги шахсларга берилади:
“Ватан таянчи” ҳаракатида фаол иштирок этган ва умумий ўрта таълим мактаблари, Президент, ижод, спорт ва ихтисослаштирилган мактаблар, мактаб-интернатлар, академик литсей ҳамда техникумларни аъло баҳоларга тамомлаган ҳар бир “Ватан таянчи” отрядидан бир нафар аъзога;
“Жасорат мактаби”ни аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир “Ватан таянчи” отрядидан бир нафар аъзога;
“Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаларининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган жамоа аъзоларига;
маҳалла ёшлари ўртасида ўтказиладиган “Шижоат ва ғайрат” мусобақаларининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган жамоа аъзоларига.
Тавсиянома Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати томонидан берилади.
Тавсияномага эга бўлганларга олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари, шунингдек, юридик таълим муассасаларига киришда тест синовлари ёки якка тартибдаги якуний суҳбатда тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.
Тавсиянома 3 йил давомида амал қилади.
Мазкур тартиб Президентнинг 2022-йил 2-мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда 2024-йил 15-ноябрдаги “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2025-йил февраль ойида ёшлар билан учрашувда “Ватан таянчи” ҳамда “Шижоат ва ғайрат” мусобақалари ғолибларига ҳарбий олийгоҳларга киришда тавсия берилишини таъкидлаган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!