Давлат солиқ қўмитаси берган маълумотга кўра, жорий йил 1 январдан 1 февралга қадар 32 755 242 та (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан, 17 134 987 та кўп, яъни 191 фоизга ошган) харид чеки онлайн назорат-касса техникалари орқали чоп этилган бўлиб, шундан 1 482 563 тасига "Soliq" мобил иловаси орқали 19,4 млрд сўмлик кешбэк ҳисобланган.
Аммо, бугунги кунга қадар кешбэк учун рўйхатдан ўтказилган чеклар таҳлил қилинганда, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХКМ) ходимлари кешбэкка эга бўлиш мақсадида вазифаларини суиистеъмол қилиб ўзгалар томонидан амалга оширилган харид учун шаклланган чекларни ўз номидан рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, 3 нафар ТХКМ ходими томонидан ўзлари хизмат кўрсатаётган 281 та тадбиркорлик субъектининг 11 млрд сўмлик 15,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган.
Хусусан, ТХКМ ходимлари:
Қ.Н. томонидан 178 та тадбиркорнинг 7 524 та 5,8 млрд сўмлик;
Қ.А. томонидан 80 та тадбиркорнинг 5 206 та 4,6 млрд сўмлик;
Р.Ф. томонидан 23 та тадбиркорнинг 3 131 та 0,6 млрд сўмлик чекларини “Soliq” мобил иловасида QR-код орқали рўйхатдан ўтказган.
ДСҚ “Soliq” мобил иловасида юқоридаги шахслар томонидан харидни амалга оширмасдан рўйхатга олинган чеклар учун ҳисобланган кешбэк суммаси бекор қилинишини ҳамда Қўмита кешбэк амалиёти тўғри қўлланилишини доимий назорат қилиб борилшиин маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларидаги харид учун берилган онлайн назорат-касса техникаси QR-кодли чекини Солиқ мобил иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1 фоиз кешбэкка эга бўлмоқда.
Маълумот учун, кэшбэк (инглизча cashback – нақд пулнинг қайтиб берилиши) мижозларни жалб қилиш ва садоқатини оширишга қаратилган махсус бонус дастурларининг бир тури бўлиб, асосан интернет-савдолари, банк маҳсулотларида ва ўйин бизнесида қўлланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!