Ёғингарчилик туфайли Германия жануби ва Италия шимолида сув тошқини юзага келди. Бу ҳақда “Закон.кз” хабар берди.
“Euronews” 1 июнь куни ёзганидек, Германия жанубидаги баъзи ҳудудларда сув тошқини ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган, сувнинг энг юқори даражаси Ғарбий Свабия, Юқори Аллгау ва Юқори Баварияда кузатилган. Шунингдек, Италияда уч киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.
“Аугсбургда кучли ёғингарчилик ва сув сатҳининг кўтарилиши сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Яқин соатларда сув сатҳи кескин кўтарилиши кутилмоқда. Айниқса, Фишах ва Лангеннеуфнах жамоалари зарар кўради”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Констанс кўли ҳудуди ҳам сув тошқини хавфи остида. Баден-Вюртембергнинг Меккенбеурен шаҳрида 1300 га яқин одамга эвакуация қилиш тавсия қилинган.
“Италияда маҳаллий оммавий ахборот воситалари жума куни мамлакат шимоли-шарқидаги Натисоне дарёсининг сув тошқини туфайли уч нафар ёшнинг бедарак йўқолганини хабар қилишди. Улар кичик оролда бўлганлиги ва сув тез кўтарилаётгани сабабли ёрдам чақиришган. Ҳозирда улар бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган, уларни қидириш ишлари олиб борилмоқда”, деб ёзади телеканал.
19 май куни кучли ёмғир туфайли Германия, Белгия ва Нидерландиянинг айрим ҳудудларида сув тошқинлари юзага келгани, кўчалар ва биноларни сув босгани, эвакуация қилишга мажбур бўлгани хабар қилинган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!