Махсус комиссия ишчи гуруҳлари томонидан атмосфера ҳавосини ифлослантираётган манбаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида доимий рейд тадбирлари давом эттирилмоқда. Махсус комиссия вакили Икром Тагаев 24–29 ноябрь кунлари ўтказилган рейд натижалари ҳақида маълумот берди.
Аввал хабар берганимиздек, сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ антисиклон таъсири кучайиб бормоқда ва ушбу жараён 5 декабргача сақланиб туриши прогноз қилинмоқда.
29 ноябрдан бошлаб совуқ антисиклон янада кучайиб, атмосфера босимининг кўтарилиши ва ҳаво ҳароратининг пасайишига олиб келмоқда. Натижада кечаси совуқ, кундузи эса кучсиз илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Совуқ антисиклонларга хос бўлган эрталабки туманлар кузатилиши эҳтимоли юқори. Узоқ муддатли инверсия ҳаводаги чанг, тутун ва майда дисперс заррачалар концентрацияси ошишига, шунингдек, қуюқ туман ҳодисалари эҳтимоли кучайишига олиб келади. Мазкур жараён ҳавода заррачаларнинг юқорига кўтарилмай, паст қатламларда тўпланиб қолишига сабаб бўлади.
Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги кунларда атмосферага таъсир кўрсатувчи омилларни камайтириш бўйича катта ҳажмда ишлар амалга оширилди ва ҳозирда ҳам давом эттирилмоқда. Махсус комиссия томонидан Тошкент шаҳри ва унинг атрофида ифлосланиш манбаларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли рейд тадбирлари ўтказилмоқда. 24–29 ноябрь кунлари амалга оширилган тадбирлар натижасида:
Иссиқхоналар бўйича: — Жами 1 788 та иссиқхона ўрганилди. — Уларнинг 73 тасининг фаолияти тўхтатилди. — 621 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилди. — 19 та хўжаликка газ тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар берилди.
Қурилиш объектлари бўйича: — Тошкент шаҳрида 53 та, Тошкент вилоятида 477 та ноқонуний қурилиш объектлари аниқланди ва 12 та ноқонуний объект тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди. — 192 та ҳолатда атмосфера ҳавоси ифлослантирилаётганлиги ва 266 та қурилиш объектининг 25 фоизи кўкаламзорлаштирилмаганлиги аниқланди. — 40 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди. — Атмосфера ифлосланиши ҳолатлари бўйича 215 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. — 54 та қурилиш объектига сув пуркагич ўрнатилди.
Автотранспорт бўйича: — Юкни очиқ ҳолда ташиган 1 959 та ҳайдовчи, — Атмосферага меъёридан ортиқ зарар етказган 239 нафар ҳайдовчи жаримага тортилди. — 8 879 та юк ташиш қоидаларини бузиш, 1 080 та йўл қопламасини ифлослантириш ҳолатлари бўйича маъмурий чоралар кўрилди.
Қўшимча экологик тадбирлар: — Шаҳар бўйлаб 183 та кўча ва 165 та жамоат жойи намлантирилди. — 288 км узунликдаги 137 км ариқлар тозаланди. — 126 та фаввора ишга туширилди. — Тошкент вилоятидаги дарёлардан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш бўйича 54 та ҳолат аниқланди.
Ушбу комплекс чоралар натижасида сўнгги кунларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси маълум даражада камайди.
Бироқ ҳозирги вақтда мамлакатимиз совуқ антисиклон таъсирида бўлганлиги сабабли, инверсия ҳодисаси кучайиб, ҳаводаги майда заррачаларнинг муаллақ ҳолда йиғилиб қолиши қайд этилмоқда. Мазкур ҳолат табиий метеорологик жараён бўлиб, ҳавонинг тозаланиш тезлигини пасайтиради.
Шу боис тегишли давлат идоралари томонидан нафақат қисқа муддатли чоралар, балки узоқ муддатли ечимлар устида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Қолаверса, махсус комиссия томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан атмосферага зарарли ташламалар чиқараётган манбаларни аниқлаб, бартараф этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари тун-у кун давом эттирилаётганини маълум қиламиз!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!