Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни экспорт салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини соддалаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган. Мазкур кўрсаткичга эришиш учун анъанавий бозорлар билан чекланмасдан юқори маржали янги бозорларга чиқиш зарур.
Бу борада ташқи бозорлардаги етакчи истеъмол сегментлари ва юқори талабга эга маҳсулотлар бўйича чуқур таҳлил олиб борилди. Натижада қурилиш материаллари, енгил саноат, электротехника, озиқ-овқат, маиший кимё, машинасозлик ва металларга оид йўналишларда экспортни янада ошириш учун мамлакатимизда катта захира ҳамда имконият борлиги аниқланди.
Шу муносабат билан тақдимотда истиқболли бозор ҳисобланган мамлакатлар билан имтиёзли савдони йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириб, экспорт-импорт ҳажми ўсишига мос равишда чегара ўтказиш пунктлари инфратузилмаси ва қувватини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддилар маҳсулотларимизнинг ташқи бозорларда эгаллаган ўрни, талаб юқори бўлган товар турлари, хорижий шериклар билан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда экспортни диверсификация қилиш бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан ахборот берди. Мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, янги бозорларни очиш ва ташқи савдо механизмларини соддалаштириш топширилди.
Бугунги кунда 81 та давлат идораси томонидан тадбиркорларга 739 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
Лекин 576 турдаги хизматлар тарқоқ ҳолда кўрсатилгани учун тадбиркорлар ҳужжат йиғиб, идорама-идора сарсон бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 17 та босқичдан ўтиш, 10 та идорага бориш керак.
Шу билан бирга, бухгалтерия, солиқ, экспорт ва сертификатлаш бўйича консалтинг хизмати кўрсатадиган ягона хусусий сервис майдони мавжуд эмас. Бундай хизматларни банклар, суғурта компаниялари, биржа, брокерлар ва логистика операторлари, бизнес таълими ва тренинг дастурлари билан интеграция қилиш мумкин.
Тақдимотда тадбиркорлар учун барча давлат ва хусусий хизматларни бир жойга жамлайдиган “Бизнес ҳамроҳ” марказларини очиш таклиф қилинди.
Режага кўра, Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган марказларда барча давлат ва хусусий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида бир жойда, ягона электрон платформа орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Тадбиркорларнинг мурожаатларига туну кун жавоб берадиган “колл-марказ” ҳам ташкил этилади.
Президентимиз таклифни маъқуллаб, марказ тадбиркорлик субъектини ташкил этишдан тортиб, фаолиятини йўлга қўйиш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилишгача бўлган барча соҳаларни қамраб олиши зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борада тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!