Куни кеча Давлат активларини бошқариш агентлиги “Фарғонаазот” устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича “Indorama Corporation” (Сингапур) компанияси билан келишувга эришилганини маълум қилди.
2021 йилнинг 10 декабрь куни Давактив агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 февралдаги “Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4992-сон Фармонига мувофиқ “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз акция пакетларини музокаралар учун оммавий таклиф сотув жараёни орқали сотиш режасини эълон қилган эди.
Ўшанда компаниянинг молиявий натижалари юқори ижобий динамикани кўрсатаётгани, 2020 йил якуни бўйича соф фойдаси 292,6 миллиард сўмни (2019 йилда 220 миллиард сўм) ташкил этгани, 2021 йилда эса мазкур кўрсаткичнинг ўсиши кутилаётгани қайд этилган.
“Бу янгиланган кўрсаткичларда акс эттирилади ва электрон маълумотлар хонасига (VDR) юкланади ҳамда маълумотни ошкор қилмаслик тўғрисидаги битимлар (NDA) тузган потенциал инвесторлар учун кейин тақдим этилади”, – дейилган сотиш режаси акс этган эълонда.
Қайд этилишича, энг мақбул таклиф Сингапурнинг “Indorama Corporation” компанияси томонидан тақдим этилган. Таклифга кўра, сотиб олиш қиймати қарийб 140 миллион АҚШ долларини (130 млн. доллар ва 107 млрд. сўм) ташкил этади.
Шунингдек, инвестор корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритиш мажбуриятини олади.
Хўш, “Фарғонаазот” қандай компания ва хорижий инвесторга сотилгунига қадар қандай фаолият юритган?
1958 йили Фарғона шаҳрида азотли ўғитлар заводи қуриш ҳақидаги ҳукумат қарори қабул қилиниб, Қиргулидаги нефтни қайта ишлаш заводи ёнида бўш ётган дашт ерлардан 50 гектар майдон ажратилган. 1959 йил 22 июль куни қурилажак завод дирекцияси таркибини тасдиқлаш ҳақида буйруқ чиқарилган. Шу тариқа қурилиш ишларига старт берилиб, бу жараёнга мамлакатимизнинг энг нуфузли ва тажрибали мутахассислари жалб этилган. Завод қурилиши 3 йил давом этган.
“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти 1962 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистонда минерал азотли ўғитлар, дефолиантлар ва целлюлоза ацетатлар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланар эди. Корхона 3 та асосий комплексга бўлинган:
Минерал ўғитларни ишлаб чиқариш: АМ-76 кенг кўламли аммиак агрегати, концентрацияланмаган АК-72М азот кислота ва АS-72М аммиакли селитра ишлаб чиқариш, карбамид ишлаб чиқариш;
Натрий хлор ва магний хлорат дефолиантини ишлаб чиқариш;
Ацетат толаси ва целлюлозанинг мураккаб эфирларини ишлаб чиқариш.
Бундан ташқари, заводда азот-фосфор ўғитлари AFO, КАS суюқ ўғити, суюлтирилган азот-калцийли ўғит, “Darmon” иссиқхона хўжаликлари учун ўғитлар, натрий нитрати, натрий бикарбонати, полиэтилен пакетлар, минерал ўғитларни контейнерлар билан таъминлаш учун полиэтилен қоплар ва бошқа ишлаб чиқариш цехлари мавжуд. Корхонанинг жами ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,8 миллион тонна ўғитни ташкил қилган.
Компаниянинг устав фонди (компаниянинг асосий ва айланма маблағлари қиймати) 83 472 914 900 сўмни (83 млрд 472 млн 914 минг 900 сўм) ташкил этган. Ушбу АЖнинг раҳбари – Маннонов Дилшод Эркинович эди. Ташкилот хусусийлаштирилгунга қадар акцияларининг 49,90 фоизи “Ўзкимёсаноат” АЖга, 49,10 фоизи “Давактив агентлиги”га тегишли бўлса, 1 фоиз акция юридик ва жисмоний шахслар қўлида. 6700 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилади. Корхона муассислигида 4 саҳифали “Кимёгар” газетаси чоп этилади.
Ўтган йилнинг 26 август куни “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятининг 60 йиллиги тантана қилинган ва байрам тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам иштирок этган эди.
“Фарғонаазот”нинг инвесторга сотилиши
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 февраль куни кимё саноатини ислоҳ қилиш бўйича истиқболли режалар ҳамда жорий йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида ва Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида кимё соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, ҳукумат олдига уни модернизация қилиш, илм-фан ва инновацияларни кенг жорий этиш бўйича қатор вазифалар қўйган эди.
Бу бежиз бўлмаган. Чунки мазкур тармоқда муаммолар, ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўп. Жумладан, юртимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлаётган, мураккаб таркибга эга бўлмаган кимё маҳсулотлари четдан олиб келинаётган, экспорт структураси диверсификация қилинмаган, бунда ҳанузгача минерал ўғитлар улуши жуда катта экани қайд этилган эди. Ишлатилаётган ускуналарнинг 60 фоизи эскиргани, энергия сарфи меъёрдан 2-3 баравар ортиқлиги алоҳида урғуланганди.
Унда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича вазифалар белгиланиб, “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти, Қўнғирот сода заводи ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида давлат улушини инвесторларга сотиш масалаларига тўхталиб ўтилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўз Телеграм каналида 2020 йил 10 февраль куни Фарғона вилоят ҳокимлигида ўша вақтдаги вилоят ҳокими (Шуҳрат Ғаниев) ва ўринбосари “Indorama Corporation” вице-президенти Амит Лохиа бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашгани ва унда компания томонидан тўғридан-тўғри инвестиция киритиш орқали “Фарғонаазот” АЖ корхонасини босқичма-босқич модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, иқтисодиёт тармоқларида талаб юқори бўлган кимёвий маҳсулотларнинг янги турлари ҳамда нефть-газ ва тўқимачилик саноати учун кимёвий қўшилмалар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 170 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани амалга ошириш истиқболлари бўйича дастлабки музокаралар ўтказилгани ҳақида ёзган эди.
Демак, сингапурлик тадбиркорларда ушбу лойиҳа аввалдан қизиқиш уйғотган ва охир-оқибат “Фарғонаазот” АЖни тўлалигича сотиб олишган.
2021 йил август ойида Навоий вилоятига ташрифи доирасида “Навоийазот” корхонасида бўлган Шавкат Мирзиёев, у ерда 2 та замонавий кимё мажмуасини ишга тушириш ва яна бир янги йирик лойиҳани бошлашга бағишланган маросимдаги нутқида келгуси йилларда яна 5 та кимёвий технологик кластер босқичма-босқич ташкил этилишини маълум қилган.
Ўшанда Фарғона вилоятида “Фарғонаазот” негизида лок-бўёқлар, мебель учун меламин, тўқимачилик саноати учун сунъий толалар ишлаб чиқариш ҳақида хабарлар тарқалган эди.
2021 йилнинг октябрь ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз улушни хусусийлаштириш жараёнларига халқаро нуфузга эга консультант ва аудиторлик компанияларини танлов асосида жалб қилганлигини маълум қилди.
Хусусан, “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз улушни хусусийлаштириш учун Халқаро молия корпорацияси билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқилиб, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” ҳамда Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ, “катта тўртлик”ка кирувчи халқаро компаниялар орасидан энг мақбули жумладан, нарх (тижорат) таклифи, мазкур сохадаги тажрибаси, малака ва салоҳияти, шунингдек савдоларни ташкил этиш ёндашувлари бўйича тақдим этган қуйидаги компаниялар танлаб олинган:
Хусусийлаштириш жараёнларини амалга ошириш ва комплекс таҳлил ўтказиш учун етакчи консультант этиб – “Deloitte” халқаро консальтинг компанияси;
Улушни баҳолаш ишлари учун – “KPMG” халқаро баҳоловчи компанияси.
Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Стратегик консультанти сифатида Халқаро молия корпорациясини давлат активини сотиш жараёнлари доирасидаги музокараларда маслаҳат бериш учун жалб этилиши мумкинлиги айтиб ўтилган эди.
2022 йил июнь ойида “The Financial Times” газетаси Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида мақола эълон қилган ва “Хусусийлаштиришнинг ҳозирги босқичи аввалгисидан шундай жиҳати билан фарқ қиладики, Ўзбекистон ҳукумати давлатнинг иқтисодиётдаги ўрнини мақсадли равишда қисқартираётгани” алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, мақолада “Фарғонаазот” Ўзбекистондаги энг йирик ўғит ишлаб чиқарувчи корхона эканлиги ва 2021 йилда хусусийлаштириш кўлами 2020 йилга нисбатан 8 баравар кўплигига эътибор қаратилган.
Шунингдек, “Фарғонаазот” АЖ 2020-2021 йилларда даромадларни икки бараварга ва EBITDA (фоизлар, солиқлар, амортизация ва ҳисобланган амортизациядан олдинги фойда суммасига тенг аналитик кўрсаткич) 72 фоизга оширгани таъкидланган ҳамда маҳсулотлар нархларининг юқори даражасини ҳисобга олган ҳолда ўта “жозибадор” инвестицион имкониятдир:
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан жисмоний ва юридик шахсларга “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали тадбиркорлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара асосида олиш имконияти яратилган. “Шаффоф ва рақобатбардош савдолар асосида, бу уларга ердан молиявий актив сифатида фойдаланиш имконини беради.
Ушбу муваффақиятни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан 2021 йилда давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш, жумладан, мамлакатимиз кимё саноатини ислоҳ қилиш доирасида бир қатор ўғит ишлаб чиқарувчи корхоналарни хусусийлаштириш бўйича режалар қабул қилинди. Бу ҳаракатлар жиддий ниятлар билан бошланган – 2022 йил февраль ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги мамлакатимиздаги энг йирик азотли ўғитлар, дефолиантлар ва целлюлоза ацетат ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятини хусусийлаштириш ниятида эканлигини маълум қилган эди.
“Фарғонаазот” АЖ яхши молиявий кўрсаткичларни намоён этжди: компания даромадлари 2020-2021 йиллар давомида икки баравар, EBITDA эса 72 фоизга ошди. 2020 йилдаги ўсиш Ўзбекистоннинг кучли ички бозори, 2021 йилдаги ўсиш эса юқори экспорт ҳажми ва юқори якуний маҳсулот нархлари ҳисобига таъминланди.
Ўғитлар глобал озиқ-овқат талабини қондиришда муҳим рол ўйнайди
Ўғитлар ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, мавжудлиги ва арзонлигини таъминлашга ёрдам беради ҳамда дунёнинг тез ўсиб бораётган аҳолисини озиқлантиришга ёрдам беради. Минерал ўғитларнинг умумий истеъмоли йилига қарийб 110 миллион тоннага етди, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиши ҳисобига уларни истеъмол қилишнинг янада кучли ўсиши прогноз қилинмоқда. Азотли ўғитлар бозори мустаҳкам бўлиб, жорий бозор 2021 йилда 58 миллиард АҚШ долларидан ошади ва 2028 йилга келиб қарийб 74 миллиард АҚШ долларига ўсиши прогноз қилиниб, саноат учун жозибали ўсиш истиқболларини яратади.
Муҳим инвестиция салоҳияти
Ўзбекистондаги йирик ўғит ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти ўғитларга бўлган ортиб бораётган миллий, минтақавий ва жаҳон талабини қондириш учун қулай шароитга эга. Аммиакли селитра ва карбамид компания томонидан ишлаб чиқариладиган асосий маҳсулотлар (2021 йилдаги даромаднинг 50 фоизи ва 42 фоизи), умумий ишлаб чиқариш қуввати 2,8 миллион тонна йиллик ўғит ҳисобланади. Унинг ишлаб чиқариш мажмуасига Фарғона шаҳридаги Киргили саноат марказида жойлашган аммиак, карбамид, нитрат ва нитрат кислотаси ишлаб чиқариш бўйича учта асосий участка киради, целлюлоза эфирларини ишлаб чиқарувчи ва дефолиант заводи (Ўзбекистонда ягона ишлаб чиқарувчи).
Барча ишлаб чиқариш майдонлари темир йўл тармоғига уланган бўлиб, компаниянинг ўз автомашиналари ва темир йўл систерналари (шу жумладан аммиак систерналари), минерал вагонлар, совутгичли вагонлар ва умумий сиғими 8,7 минг кубометр ва 7,4 минг тонна юк кўтариш қобилиятига эга бўлган оғирликни текшириш вагонлари мавжуд.
Инвесторлар учун янги бозор
Ўзбекистоннинг кимё ва ўғитлар тармоғи ўсиш учун улкан салоҳиятга эга бўлиб, “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятини хусусийлаштириш корхонани модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва салмоқли экспорт салоҳиятини ривожлантиришни мақсад қилган инвестор учун имконият яратади.
“Deloitte TCF LLP” халқаро консалтинг компанияси ушбу битим бўйича етакчи маслаҳатчи, Халқаро молия корпорацияси эса Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигининг стратегик маслаҳатчиси вазифасини бажарган.
Инвесторга қандай мажбурият қўйилган?
Келишилган шартларга кўра, инвесторнинг мажбуриятларига Корхонанинг барча жорий ижтимоий дастурларини сақлаб қолиниши, жумладан, ходимлар сонини ва иш ҳақларини қисқартирмаслик, ходимларнинг малакасини ошириш ҳамда замонавий экологик назорат тизимини ишлаб чиқиш киради.
“Фарғонаазот” нима сабабдан ўзбекистонлик тадбиркорларга керак бўлмай қолгани тушунарсиз, чунки компанияни хусусийлаштириш орқали соҳадаги самарадорликни ошириш кўзда тутилган. Хорижий инвестор фойда кўришига ишонмаса ҳатто битта чўпни ҳам харид қилмайди.
Хулоса...
Давлат активларини бошқариш агентлиги “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятининг 99 фоиз улушини рақобатбардош савдо йўли билан сотишни режалаштирган эди, бу эса инвесторга бизнеснинг ривожланиши ва ўсишини таъминлаш учун соҳанинг илғор тажрибалари ва янги технологияларни жорий этиш устидан тўлиқ назорат қилиш имконини берарди. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида қишлоқ хўжалигининг улуши қарийб чорак (24 фоиз) қисмни ташкил этишини инобатга олсак, ушбу битим компания маҳсулотларига ички ва халқаро талабнинг ортиб бораётгани, шунингдек, бутун дунёда маҳсулотлар нархларининг юқори даражасини ҳисобга олинса, бу инвестор – “Indorama Corporation” учун жуда яхши имкониятдир.
Тармоқни қўшимча хусусийлаштириш режалаштирилганлигини ҳисобга олсак, “Фарғонаазот” АЖга киритилаётган сармоя Ўзбекистон ва Марказий Осиёда жадал ривожланаётган сектордаги иштирокини кенгайтиришга сармоя бўлиши мумкин.
Иқтисодчи-блогер Отабек Бакировга кўра Ўзбекистондаги энг рентабелли заводлардан бири ҳисобланган “Фарғонаазот” номиналидан арзонига сотилган
“Хусусийлаштириш бошлангани эълон қилинганидан расман бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, таклифларни қабул қилиш муддати камида 5 марта узайтирилганидан кейин, ниҳоят кеча “Фарғонаазот” АЖдаги давлат акциялар пакетини сотиш бўйича келишувга эришилгани эълон қилинди.
Манбаларга кўра, маъқулланган ғолиб номи анча аввал маълум эди (бу ном ноябрдаги иқтисодий форум кулуарларида бир неча бор янграган эди), лекин битимни имзолаш учун Сингапурга ташриф вақтидан фойдаланилди.
Демак, “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакети “Indorama Corporation Pte. Ltd” назоратига ўтади.
Сотиб олиш қиймати қарийиб 140 миллион АҚШ доллари (130 млн. АҚШ доллари ва 107 млрд. сўм)ни ташкил этади, шунингдек, Инвестор томонидан Корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш мажбурияти олинади. Нега тўловнинг бир қисми сўмда эканига ёки инвестицион мажбурият нима учун 100 миллион доллар этиб белгиланганига, бу сотув қийматига қандай таъсир ўтказганига изоҳ берилмаган.
“Фарғонаазот” АЖни сотиб олишга гўёки талабгор бўлган 4 нафар талабгорлар номи, уларнинг таклифлари очиқланмаган (ҳеч қурса захира ғолиб номи, агарда Indorama фикридан қайтиб қолгудек бўлса).
Ўзи нафақат “Фарғонаазот” АЖ, биронта бошқа актив сотилиши бўйича ҳам талабгорлар таклифлари Янги Ўзбекистонда очиқланмаган. Айрим битимлар бўйича аллақачон маъқулланган инвесторлардан бошқа талабгорлар борлигига менда жиддий шубҳалар мавжуд, масалан. Бўлган бўлса ҳам, улар формал, спарринг талабгорлар ролини бажаришган”, – дейилади таҳлилий постда.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг давлат назоратидаги энг даромадли заводларидан бири жами капиталидан арзонроққа, аниқроғи 93 фоиз қийматига кетди. 2021 йилни 349 млрд.сўм соф фойда билан якунлаган завод, дивиденд тўлаш бўйича ҳам лидерлардан бўлган. Масалан, 2022 йил 9 ойи якунлари бўйича оддий акциялар бўйича номиналга нисбатан 217,35 фоиз қийматда дивиденд тўланган.
Бакировга кўра, ўрганиб қолинганидек, инвесторга ходимлар сонини ва иш ҳақларини қисқартирмаслик вазифаси юкланган. Бу инвестицион мажбуриятлар билан бирга сотилган актив қийматини кескин пасайтирган бўлиши табиий. Бу шунчаки малакасизликми ёки мақсадли ҳаракатми, мулоҳазалар билан бўлишишга одам, тўғриси, чўчийди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!