Давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади
Ўзбекистонда 1 январдан фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий ва ихтиёрий асосда қамраб олинади. Фуқароларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар уларнинг минимал суғурта стажи ва тўлаган суғурта бадалига мутаносиб равишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади. 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси жамғарма орқали проактив шаклда тайинланади ва тўланади.
Камбағал оилалар аълочи фарзандларининг оромгоҳларда дам олиши тўлиқ қоплаб берилади
2026 йил 1 январдан камбағал оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Солиқ рўйхатидан ўтмаган хорижий онлайн платформалар чекланиши мумкин
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда солиқ органларида рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган хорижий онлайн компанияларга чекловлар қўлланади. Уларга рўйхатдан ўтиш учун 30 кун берилади. Солиқ қўмитаси фуқароларнинг хорижий компанияларга қилган тўловлари бўйича аноним маълумотларни олишни режалаштирмоқда.
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар 2 млрд сўм миқдорида рағбатлантирилади
2026 йил 1 январдан бошлаб “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” номинацияси жорий этилади. Бунда ғолибларни аниқлаш бўйича мезонлар белгиланган бўлиб, улар асосида ҳар йили биринчи 100 таликка кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларнинг ҳар бирига Давлат бюджетидан 2 миллиард сўм миқдорида маблағ тегишлича маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига ажратилади.
Бунда ажратилган маблағлар тегишли фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида фақат ушбу маҳалла ҳудуди инфратузилмасини (ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини ўрнатиш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини) яхшилаш учун йўналтирилади.
Мол-мулк ва ер солиғини ундиришда ҳам электр энергиясининг биллинг тизимидан фойдаланилади
2026 йил 1 январдан бошлаб Наманган вилоятида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва (ёки) ер солиғи бўйича умумий суммаси 1 миллион сўмдан ошган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланиш жорий этилади.
Тизим 2026 йил 1 октябрга қадар эксперимент натижалари асосида бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.
Ўзбекистонликлар тўлаётган солиқлари нималарга сарфланаётганини кузатиши мумкин бўлади
2026 йил 1 январдан бошлаб “Очиқ бюджет” ахборот порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет харажатлари маълумотларини ўзида акс эттирувчи “Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар” модули ишга туширилади.
Бунда:
– жисмоний шахс томонидан муайян даврда тўланган даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўғрисидаги маълумот;
– тўланган солиқлар эвазига Давлат бюджетидан амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар (харажатлар йўналишлари кесимида) доимий равишда эълон қилиб борилади.
Гипс қазиб чиқариш солиғи қисқартирилиб, цемент сотиш талаблари юмшатилади
2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда гипс хомашёсини қайта ишловчи корхоналар учун уни қазиб чиқариш бўйича солиқ ставкаси икки баробарга камайтиради. Шунингдек, цемент заводларига маҳсулотнинг бир қисмини биржа орқали сотиш талаблари енгиллаштирилади.
Иссиқхона хўжаликларига 1 фоизли ижтимоий солиқ ставкаси қўлланади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан 2028 йил якунига қадар иссиқхона хўжаликларига 1 фоизли ижтимоий солиқ ставкаси қўлланади. Иссиқхона хўжаликлари узлуксиз ишлашини таъминлаш учун уларга яна бир қатор солиқ ва кредит имтиёзларини бериш кўзда тутилган.
Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режими жорий этилади
2026 йил 1 январдан қуйидаги шартларга жавоб берадиган чет эл фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни назарда тутувчи чет эл фуқароларининг даромадларини солиққа тортишнинг махсус солиқ режими жорий этилади:
50 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўлаш;
Ўзбекистондаги махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағини ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очиш.
Ўзбекистонликларга АҚШ компанияларига инвестиция қилишга рухсат берилади
2026 йил 1 январдан Ўзбекистон резидентлари учун АҚШда рўйхатга олинган компанияларга инвестиция киритишда ҳукумат рухсатини олиш талаби бекор қилинмоқда.
Қурилиш ва савдо соҳасида фаолият юритувчи юридик шахслар устав капитали ва ундаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, устав капиталига киритилган товарлар тўғрисидаги маълумотлар (электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-касса техникаси чеклари, божхона юк декларациялари, нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномалари ва бошқа ҳужжатлар) ҳисобини юритиши шарт. Ушбу операциялар амалга оширилганидан кейин 15 кун ичида солиқ органларининг маълумотлар базасида шахсий кабинет орқали акс эттирилиши талаб этилади.
Кўп қаватли уйларга қўшимча қават қўшиш лойиҳасини қайта расмийлаштириш тақиқланади
2026 йил 1 январдан қурилиши бошланган кўп квартирали уй-жойларга қўшимча қават қўшиш, баландлигини ошириш учун шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тегишли архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан кўриб чиқиш, экспертизадан ва қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади.
Янги қурилаётган турар жой мажмуалари номи ўзбекча бўлиши талаб этилади
2026 йил 1 январдан бошлаб қурилаётган турар жой мажмуалари номлари давлат тилида бўлиши, давлат тили қоидалари ва меъёрларига риоя этиши лозим. Бундан ташқари, объект паспорти, пешлавҳалар ва қурилиш майдонининг вақтинчалик тўсиқларидаги бошқа ёзувлар давлат тилида бўлиши талаб қилинади. Қурилаётган объектлар ҳақидаги реклама ва эълонларда давлат тилидан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади.
Ғиштдан воз кечиш рағбатлантирилади
2026 йилдан Ўзбекистонда ғишт ишлаб чиқариш солиғи икки бараварга оширилади, 2027 йилдан эса қўриқланадиган ерлардаги карьерларда қум қазиб олиш тақиқланади. Ғишт ўрнига пеноблок ва газоблокдан кенг фойдаланувчи қурилиш ташкилотларига “Шаффоф қурилиш” платформасида устуворлик берилади.
Қўриқланадиган объектларга юзни таниб олиш воситалари ўрнатилади
2026 йил 1 январдан Қўриқлаш департаменти томонидан қўриқловга олинган банклар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа объектларнинг фуқаролар кириш ва чиқиш жойларига босқичма-босқич шахснинг юзини таниб олиш имкониятига эга техник воситалар ўрнатилади. Қарорга кўра, Департаментга қўриқланадиган объектларга ўрнатилган қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон бюрократияни йўқ қилиш дастурини ишга туширади
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган “Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури ишга туширилади. Мақсад — давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.
Чиқинди хизматларида фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади
Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, эндиликда санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади.
Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий қилади
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ фуқароларига 30 кунлик визасиз режим жорий қилинади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 3 ноябрдаги фармонида кўзда тутилган. Фармонда янги чоранинг мақсади икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларни, шунингдек, туризмни янада ривожлантириш учун шароит яратиш экани айтилган. Ушбу режим ҳозирда 55 ёш ва ундан катта бўлган сайёҳларга нисбатан қўлланади.
2026 йилдан нотариал ҳаракатларда паспорт ёки ID картани тақдим этиш талаби бекор қилинади
2026 йил 1 январдан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон фуқаролари учун паспорт ёки ID картанинг аслини тақдим этиш талаби бекор қилинади. Бунда фуқароларнинг шахси шахсни тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали АКТдан фойдаланган ҳолда идентификация қилиниши ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face ID) орқали верификация қилиниши назарда тутилган.
Vakolat.uz платформаси ишга тушади
1 январдан давлат хизматларидан бошқа шахслар воситасида фойдаланиш имконини берувчи Vakolat.uz платформаси ишга туширилади. Унда, шунингдек, ишончномаларни ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш ҳамда барча турдаги ишончномаларнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин. Платформадан фойдаланиш бепул бўлади.
1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва корхоналари АҚШ компанияларига ҳукумат рухсатисиз ва пул маблағлари уларнинг Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларида бўлган тақдирда, чегараланмаган миқдорда эркин инвестиция киритишлари мумкин бўлади.
Ягона QR код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурий бўлади
Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи барча корхоналар учун электрон тўловларни қабул қилишда ягона QR код жорий этилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб барча компаниялар банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилади.
2026 йилдан 1 та ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил турдаги товарларга мувофиқлик ва экологик сертификат 1 йилдан ошмаган муддатга 1 маротаба берилади.
Энергия самарадорлиги лойиҳалари амалга оширилгандан сўнг ижтимоий объектлар хусусий секторга берилиши мумкин бўлади
2026 йилдан бошлаб ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари амалга оширилгандан сўнг уларнинг эксплуатациясини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида хусусий секторга бериш амалиёти жорий этилади.
Ўзбекистоннинг 33 та намунавий туман ва шаҳрида давлат идоралари раҳбарларининг ротацияси жорий этилади
1 январдан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” 33 та намунавий туман ва шаҳарда ҳокимият ҳамда бошқарув органларининг бўлим раҳбарлари, шунингдек, ҳокимлар ва ўринбосарлари ротацияси жорий этилмоқда. Қолаверса, ходимларнинг коррупцияга чидамлилигини баҳолаш ва кадрлар захирасини шакллантириш тизими янгиланмоқда.
Ҳокимларга кўпроқ ваколат берилади. Ҳудудларда тўққизта вазирлик ва идора бўлинмалари ҳокимликлар таркибига ўтади
2026 йилдан бошлаб тажриба-синов тариқасида 45 та туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмасига тўққизта вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ўтказилади.
Ушбу даврда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман ва шаҳар бўлинмалари амалдаги мақомини, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолади. Туман ва шаҳар ҳокимлари республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бўлинмалари фаолияти устидан бевосита раҳбарликни амалга оширади. Ҳокимларга бўлинмалар ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, уларга нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш ҳуқуқи берилади.
Давлат органлари ошхоналарида ширин ва ёғли таомлар тақиқланади
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат идораларидаги ошхоналардаги овқатланиш тўлиқ аутсорсингга ўтказилади. Уларда соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини жорий этиш, ширин, ёғли ва унли маҳсулотлар ҳамда бошқа турдаги зарарли таомларни сотишни чеклаш бўйича топшириқ берилди.
Янги давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йилга тузилади
2026 йил 1 январдан бошлаб янги давлат хизматчилари билан дастлаб 1 йиллик меҳнат шартномаси тузилади, фаолиятининг ижобий натижалари бўлса, у доимий шартномага айлантирилади. Иқтидорли бошқарувчилар ва лидерларни, янги авлод раҳбарларини аниқлаш ҳамда танлаш бўйича “ТОП-100” дастури жорий этилади.
Хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 10 млрд сўмгача имтиёзли кредит ажратилади
2026 йил 1 январдан хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришга 24 фоизлик (Марказий банк фоиз ставкаси + 10 фоиз пункт) имтиёзли ставкада БҲМнинг 25 минг бараваригача ёки 10,3 млрд сўмгача кредит ажратилади. Шунингдек, “Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси” банк кредитларининг 70 фоизигача бўлган қисмига кафолат (кафиллик) тақдим этади.
ЯТТларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади
2026 йил 1 январдан ЯТТларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг бирламчи маълумотлари ўзгарганда ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар ЯТТ гувоҳномасига, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга автоматик тарзда бепул киритилади.
Илк марта ҚҚС тўловига ўтган тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилади
2026 йилдан илк марта ҚҚС тўловига ўтган тадбиркорлар 1 йил давомида фойда солиғидан озод қилинади, ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди. Шунингдек, солиқ мажбуриятларини бажаришнинг проактив тартиби жорий этилади.
ЯТТ ва ўзини банд қилганлар учун айланма солиғи 1 фоизгача пасайтирилади
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Бугунги кунда агар бир календарь йилида маҳсулот ва хизматларни сотишдан тушган даромад 100 миллион сўмдан ошса, ЯТТ айланма солиғи тўлашга ўтиши шарт. Солиқ ставкаси айланманинг 4% ни ташкил қилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун фаолият турлари рўйхати қисқартирилади
2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 104 тадан 72 тага қисқаради. Сартарошлик, репетиторлик, фото-видеочилик, копирайтерлик ва бошқалар рўйхатдан чиқариб ташланади. Аммо учта янги иш, жумладан, маркетплейсларда савдо қилиш киритилади.
Улушли қурилиш соҳасида эскроу ҳисоблари оммавий жорий этилади
Президент томонидан имзоланган фармон билан қурилишга улуш киритиш фақат нотариал тасдиқланган шартнома асосида амалга оширилиши белгиланган эди. Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб, қурилишни молиялаштиришнинг ягона йўли эскроу ҳисоб тизими орқали амалга оширилади.
Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари учун солиқлар бозор нархида ҳисобланади
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади.
Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб бепул тиббий ёрдам олиш тартиби ўзгаради
Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланган давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари 2026 йилдан кучга киради. Ҳужжат билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган давлат ва хусусий клиникаларга фуқароларни йўналтириш қоидалари белгиланди. Тартиб шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдамга татбиқ этилмайди, у аввалгидек шошилинч тарзда кўрсатилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун қатор имтиёзлар жорий этилмоқда
2026 йилдан бошлаб ҳар йили давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади. Маблағ Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, 1 январдан миллий аккредитациядан ўтган ходимларга лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама жорий этилади. Давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бир йилда бир марта давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистонда дорилар ва тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказиш тартиби халқаро талабларга мослаштирилади
2026 йил 1 январдан тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг муомаласи маълум тартибда амалга оширилади. Аввалига улар тиббий жиҳозлар сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади, сўнг инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган эҳтимоли юқори хавфларни ҳисобга олган ҳолда 4 та хавфсизлик даражасига кўра таснифланади. Якунда тиббий жиҳозлар клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Иқтисодий судлар оптималлаштирилади
2026 йил 1 январдан туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилади. Уларнинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилади. Бу суд тизими самарадорлигини ошириш ва тадбиркорларнинг одил судловдан фойдаланишини соддалаштириш имконини бериши кутилмоқда.
Ерга оид ҳуқуқбузарлик даражасига кўра ҳудудлар “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга бўлинади
1 январдан ердан самарасиз фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимолига кўра ҳудудлар “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга бўлинади. “Қизил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудлар кузатувга олинади. Ерга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўйганларга фақат “Е-ер назорат” тизими орқали чора кўрилади.
“Чиройли” автомобиль рақамлари учун аукцион бекор қилинади
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини аукционлар орқали бериш тартиби бекор қилинади.
Уларнинг ўрнига янги тартиб жорий этилмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар тўғридан-тўғри электрон мурожаат асосида онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини танлаб олиши мумкин бўлади.
Мажбурий автосуғурта полиси бир неча баробар қимматлашади
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта бир неча баробар қимматлашади. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида енгил автомобиллар учун полис нархи 3,4 баробарга, ҳудудларда эса 4 баробарга оширилади. Охирги марта тарифлар 2019 йилда оширилган.
Мопед ва скутерларни бошқариш учун янги ҳуқуқ тоифаси жорий этилади
Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб ҳукумат қарори билан мопед ва скутерларни бошқариш учун “А1” ҳайдовчилик гувоҳномасининг кичик тоифаси жорий этилади. Бунинг учун автомактабда ўқиш мажбурий бўлмайди. “А”, “Б”, “C” ва “Д” тоифадаги гувоҳнома эгаларига мопед ва скутерларни бошқаришга рухсат берилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!