Ўзбекистонда илк бор Жанубий Кореянинг Meere компанияси томонидан ишлаб чиқарилган робот-хирург ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, замонавий тиббиётнинг бу имкониятидан унумли фойдаланиш мақсадида Кореянинг Meere компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Revo-i русумли робот-хирург Ўзбекистонга олиб келинган.
Шунингдек, Тошкент шаҳри Яккасаров туманида жойлашган Shox International Hospital клиникасида ўрнатилган Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ҳам ноёб бўлган ушбу технология ёрдамида бир ҳафтада 8 нафар беморда ўтказилган мураккаб турдаги жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланиб, дардига даво топган. Бундай операцияни биринчилардан бўлиб АҚШ 2000 йилда ўтказган.
Мазкур клиникада 28 сентябрь, чоршанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Кореянинг Meere компанияси вакиллари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарлари, бир қатор малакали профессор-шифокорлар ва жамоатчилик фаоллари иштирокида ўзбек тиббиёти тарихидаги муҳим воқеа — Ўзбекистонда илк бор робот-хирург технологияси иш бошлашига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтган.
Клиника мутасаддилари ушбу инновацион технология муассасадаги барча операцион блок мутахассислари томонидан ўзлаштирилишини мақсад қилган.
Негаки, операцияда бутун жамоа иштирок этади, амалиёт натижаси ва бемор саломатлиги ҳар бирининг касбий маҳоратига боғлиқ. Кейинчалик эса бу мутахассислар Ўзбекистондаги бошқа ҳамкасблари билан ўз тажрибаларини бўлишиши кўзда тутилган.
Робот-хирург ёрдамида бажариладиган онкологик амалиётлар ўсимта яна такрорланмаслиги учун уни бутунлай олиб ташлаши, асаб тугунларига ва бемор ҳаёти учун муҳим бўлган бошқа органларга таъсир қилмаслиги, минимал қон йўқотиш билан кечиши, беморнинг амалиётдан кейинги тикланиши ҳамда буткул соғайишини тезлаштириши билан катта аҳамиятга эгалиги таъкидланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда роботохирургиянинг тараққий этиши икки омилга боғлиқ. Биринчиси — технологияни бошқара оладиган мутахассислар тайёрлаш бўлса, иккинчиси — мамлакат тиббиётида роботлар сонининг ортиши маълум қилинган.
Бу борада дастлабки қадам ташлангани эндиги вазифа — робот билан бирга операция қилувчи кўп сонли хирурглар захирасини шакллантириш ва инновацион технология онкология ва онкоурология йўналишларидагина эмас, миллий тиббиётимизнинг барча жабҳаларида фаол қўллаш мақсади кўзлангани айтилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!