Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни III Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича,ушбу анжуманнинг нуфузи ва кўлами тобора ошиб бормоқда. 2022 йилда ўтган илк форумга 56 мамлакатдан мингдан зиёд хорижий меҳмонлар келган бўлса, бу йил 84 та давлатдан қарийб 2 минг 500 киши қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида ҳукумат вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, БМТ, ЕТТБ, ОПЕК, ШҲТ каби халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар бор.
“Форум мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини кўрсатиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни келишиш учун қулай майдондир. Шу боис унинг доирасидаги тадбирлар, муҳокама қилинадиган масалалар кўп. Жумладан, шўба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари каби 40 дан ортиқ тадбирлар ҳамда мамлакатдаги қатор лойиҳаларни ишга тушириш маросими режалаштирилган”, – дейилади хабарда.
3 май куни Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси ҳам ўтказилади.
Маълумки, ушбу кенгаш жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда, Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар беради. Бу галги мажлисда ҳам мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир долзарб масалалар кўриб чиқилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!