Тегишли инвестиция битимини Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникация вазири Абсаттар Сиргабоев ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўллари компанияси” масъулияти чекланган жамияти директорлар кенгаши раиси Чжун Шенгуй имзолаган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – сув ва қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати вазири Бакит Торобаев бу кунни уч мамлакат учун тарихий лаҳза, деб ҳисоблаш мумкин ва зарурлигини таъкидлаган. Зеро, узоқ давом этган мураккаб музокаралардан сўнг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик йирик инфратузилма лойиҳаси ниҳоят амалий босқичга ўтмоқда.
Ҳужжатларни имзолаш маросимида Хитойнинг Қирғиз Республикасидаги муваққат ишлар вакили Ли Баотсзе ҳамда Ўзбекистоннинг Бишкекдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев бошчилигидаги делегациялар ҳам иштирок этган.
Маълумки, лойиҳани амалга ошириш учун уч мамлакат қўшма компания тузишга келишиб олган. Корхонада Хитой 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон 24,5 фоиздан улушга эга.
Июнь ойида томонлар тегишли битимни расман имзолаб, молиялаштириш шартларини белгилаб олган эди. Умумий қиймати 4 миллиард 665 миллион долларга баҳоланаётган лойиҳа учун Жалолобод шаҳрида 44,29 гектар майдон ажратилган.
Ушбу бунёдкорлик объекти 486 километр бир изли йўл чизиғи, 18 бекат, жами 26 километр узунликдаги 81 кўприк ва 120 километрлик 41 туннелдан иборат бўлади. Қурилиш 5 йилга чўзилиши тахмин қилинмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!