Президент Шавкат Мирзиёев ва бир қатор амалдорлар Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таниқли намояндаси, мамлакатнинг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов 12 октябрь куни 82 ёшида вафот этган эди. Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ҳамдардликда таъкидланишича, бутун ҳаётини ҳарбий соҳага бағишлаган Рустам Аҳмедов танк полкида взвод командири, танк дивизияси сиёсий бўлими бошлиғининг ёрдамчиси, танк дивизияси баталёни командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, Тошкент олий танк қўмондонлик билим юрти курсантлар батальони командирининг ўринбосари лавозимларида хизмат қилган. Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик ва Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Рустам Аҳмедов мудофаа вазири, бирмунча муддат Миллий гвардия қўмондони вазифасини бажарувчи сифатида фаол иш олиб бориб, миллий армияни шакллантириш, давлат мудофаа тизимини барпо этиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш йўлида жонбозлик кўрсатади. Мудофаа вазирлигининг Бош штаби қайта ташкил этилиб, Қуролли Кучлар Бирлашган штабига айлантирилди, ҳарбий округлар тузилди, ҳарбий қисмларнинг жойлашув ва бошқарув тизими такомиллаштирилди. Мудофаа вазирлигининг бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
У 1997–1998 йилларда Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам самарали фаолият олиб борган.
Фахрий генерал, улуғ ёшда бўлишига қарамасдан, Янги Ўзбекистонда Қуролли Кучларни модернизация қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасидаги улкан ислоҳотларни амалга оширишда мудофаа вазирининг маслаҳатчиси сифатида ўзининг бой билим ва тажрибаси билан фаол иштирок этди.
“Таниқли ҳарбий қўмондон, самимий ва камтарин инсон Рустам Аҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, – дейилади ҳамдардликда.
Рустам Аҳмедовнинг ҳарбий соҳадаги хизматлари давлат томонидан тақдирланган. У Ўзбекистон Республикасининг II даражали “Шон-шараф” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!