2025 йил 26 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани, “Учсой” ОФЙ ҳудудида жойлашган “Муйноқ” конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилди. Бу қудуқ — ушбу конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Газ босими кутилган даражадан юқори бўлганлиги сабабли, барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа содир бўлган пайтдан бошлаб барча тегишли ташкилотлар — “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси бошчилигидаги Жамиятга қарашли “Очиқ нефть ва газ фаввораларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмининг Марказий ҳарбийлаштирилган назорат отряди”, Фавқулодда вазиятлар вазири, “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари воқеа жойида бўлиб турибди.
Ушбу қудуқ аҳоли яшаш жойидан узоқда ва газ таркибида олтингугурт йўқ бўлган тоза метан ҳисобланади. Устюрт ҳудудидаги барча конлардан олинадиган табиий газ таркибида олтингугурт учрамайди.
Маълумот учун, айни дамда ҳолатни бартараф этиш учун хизмат қилаётган ишчи ходимлар соғлигини сақлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва ҳайвонот оламига зарар етишининг олдини олиш мақсадида газ назорат остида ёқиб қўйилган.
“Ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Шу сабабли одамлардан ваҳимага тушмасликларини сўраймиз”, – дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!