Самарқанд шаҳрида Абу Али ибн Сино ва Ҳайнрих Шиппергес номидаги Ўзбекистон-Германия қўшма халқаро саломатлик фанлари олий мактаби нодавлат таълим ва илмий методик муассасасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, олий мактаб мамлакатимизнинг Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази томонидан Германиянинг Людвигсбург амалий фанлар университети ва Ҳаймерер профессионал академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Таълим муассасасининг асосий мақсади соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали тиббиёт ходимлари ва бошқарув кадрларини тайёрлашдан иборат. Тиббиётга ихтисослашган муассаса ўзбек ва немис тиббиёт таълимининг ўзида мужассам этган илғор анъаналари, стандартлари ва амалиётларини жорий этиб боради”.
“Саломатлик олий мактаби кўп босқичли таълим дастурини таклиф этади. Немис тили бўйича тўққиз ойлик ихтисослаштирилган тайёргарлик босқичи ва унда талабалар келажакдаги касбий таълим ва халқаро муҳитда ишлаш учун зарур бўлган немис тилини етарли даражада ўзлаштирадилар. Уч йиллик касбий таълим – ушбу босқичда талабалар турли тиббиёт муассасаларида ишлаш учун зарур бўлган мутахассислик бўйича асосий ва махсус билимларни оладилар. 2026 йилдан бошлаб эса тиббиёт ва соғлиқни сақлашни бошқариш йўналиши бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган янада чуқурлаштирилган тўрт йиллик бакалавриат ва икки йиллик магистратура таълими жорий этилади”, дейилади хабарда.
Мактабнинг асосий афзалликларидан бири дипломларнинг халқаро тан олинишидир. Мазкур таълим муассасаси битирувчилари нафақат Ўзбекистонда, балки Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида ҳам ишлаш имкониятига эга бўладилар. Бу эса уларнинг касбий истиқболлари жуғрофиясини сезиларли даражада кенгайтиради.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!