Coca-Cola Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” — “Навбаҳор лочинлари” учрашуви якунида кўнгилсиз воқеа келиб чиққани бир қатор спорт нашрлари томонидан маълум қилинди.
Унга кўра, меҳмонлар устози Самвел Бабаян матбуот анжуманига кириш чоғида футбол мухлисларидан бири билан тортишиб қолган.
Мазкур вазиятга Миллий гвардия ходимлари ҳам аралашган. Бабаяннинг баланд овозда ҳунук сўзлар билан бақираётганини эшитган айрим журналистлар матбуот анжуманлари хонасидан кўчага югуриб чиққан. Бу вақтда мутахассис ОАВ ходимлари ҳолатни тасвирга туширмоқда деган фикрда, ўз шерикларидан Championat.asia нашри вакилининг телефонини тортиб олиш ҳамда ундаги видеотасвирларни ўчириб ташлашни талаб қилган. Шундан кейин Бабаяннинг шериги ҳамда ЎзПФЛ томонидан шу йилнинг 26-феврал санасида ИД 140 рақамли аккредитация олган Фарҳод Умаралиев журналистнинг қўлидан унинг шахсий телефонини тортиб олиб, ўзбошимчалик билан ундаги материалларни ўчириб ташлаган. Бу ҳаракатларни вазиятга гувоҳ бўлган бошқа нашрлар ҳам тасдиқлади.
ЎзПФЛ Регламентларида жамоа расмийлари мусобақалар давомида ўзларини қандай тутишлари аниқ кўрсатиб ўтилган. Жамоа устозлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзларини наъмуна сифатида кўрсатишлари шарт. Биз футбол ва ундаги ҳиссиётларни ҳурмат қилган ҳолда мураббийларнинг ўйин вақтидаги эмоцияларини табиий қабул қиламиз ва фақатгина жуда ошириб юборилган вақтда мураббий ишини тегишли қўмитага оширамиз. Бироқ Самвел Бабаян учрашув давомида уни тинимсиз ҳақорат қилган футбол мухлиси билан расмий тадбиргача ҳисоб-китоб қилишга уриниши тўғри иш эмас. Қолаверса, ЎзПФЛ мусобақаларини ёритиб борувчи журналистларнинг стадионлардаги фаолиятини “ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва мусобақаларда ишловчи ОАВ вакиллари учун йўриқнома” орқали тартибга солади, уларга шу асосда аккредитация тақдим этилади. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ ўз тадбирларида фаолият олиб бораётган ОАВ вакилларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилади. Бабаян ва унинг шериклари томонидан амалга оширилган иш шу томондан қаралганда на этика нормаларига, на Регламентга ва на қонунчиликка тўғри келади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЎзПФЛ Самвел Бабаяннинг мазкур ишини Тартиб-интизом қўмитасига оширади ва унга қадар мураббийнинг лицензиясини қайтариб олади. Шунингдек, қўмитада иш кўриб чиқилаётган вақтда жазо энгилроқ бўлиши учун “Навбаҳор лочинлари” футбол клуби ва шахсан Самвел Бабаянни ОАВ вакилларидан узр сўрашга чақиради. Бунга қадар ҳам матбуот анжуманида кўнгилсиз воқеа келтириб чиқарган, бироқ кейинчалик ўз айбига иқрорлигидан келиб чиқиб, қайта аккредитация берилган Фарҳод Умаралиевнинг аккредитацияси ҳам қайтариб олинади ва у ЎзПФЛ мусобақалари учун рўйхатдан қайта ўтказилмайди. Мазкур шахс матбуот анжуманида иштирок этгани аниқланса, ҳар қандай мезбон клуб жаримага тортилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!