Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳарбий машғулотларни кенгайтиришга ва мамлакатнинг урушга тайёрлигини кучайтиришга ваъда берди, дейилади “Reuters” нашри хабарида.
Нашрнинг ёзишича, Ким Чен Ин раислигидаги КХДР ҳукмрон ишчилар партиясининг Марказий ҳарбий комиссияси йиғилиши бўлиб ўтган. Унда расмийлар мамлакатнинг 2023 йилга мўлжалланган “асосий ҳарбий-сиёсий вазифалари”, шунингдек, “армия қурилиши”га йўналтириш билан боғлиқ узоқ муддатли масалаларни муҳокама қилган.
“Мавжуд вазиятдан чиқиш учун КПА (Корея халқ армияси, таҳр.) операциялари ҳамда жанговар машғулотларини доимий равишда кенгайтириш ва кучайтириш масаласи муҳокама қилинди”, – дейилади Шимолий Корея давлат матбуотида.
Журналистларнинг таъкидлашича, 8-феврал, чоршанба куниёқ КХДР ўз қуролли кучлари ташкил топган кун шарафига ҳарбий машғулотлар ўтказади.
Материалда айтилишича, айни пайтда Пхеньян АҚШ ва Жанубий Кореянинг ҳарбий машқларини қоралаган. КХДР Вашингтон ва Сеул “сўнгги қизил чизиққа” эришганига амин.
“Корея ярим ороли ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият АҚШ ва унинг вассал кучларининг ўйламасдан ҳарбий қарама-қаршилик манёврлари, душманлик ҳаракатлари туфайли сўнгги қизил чизиққа етиб келди”, – дейилади КХДР ҳукумати баёнотида.
Бундан ташқари, Шимолий Корея ўзининг “душманлик сиёсатини” тўхтатиши керак бўлган АҚШ билан музокаралар олиб боришдан ҳозирча манфаатдор эмаслиги маълум қилинган.
Аввалроқ Фоcус нашри НАТО бош котиби Столтенберг Шимолий Корея вагнеритларни Россиянинг Украина билан уруши учун ракеталар билан таъминлаганини айтганини ёзган эди. НАТО Бош котибига кўра, бундай таъминот Россия Федерациясининг Украинага қарши агрессив урушини янада кучайтиради. У Шимолий Корея расмийларини бундай провокацияларни тўхтатишга ва халқаро қонунларга риоя қилишга чақирди.
Шунингдек, Ким Чен Ин 35 кундан буён омма олдига чиқмагани маълум қилинган. Бу Шимолий Корея етакчиси ғойиб бўлишининг иккинчи энг узоқ даври. 2014 йилда у 40 кун давомида кўриниш бермаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!